АҚШ билан Толибон ўртасидаги музокаралар

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

АҚШ билан Толибон ўртасидаги музокаралар

Савол:

Афғон Толибон ҳаракати манбалари Давҳада АҚШ вакили Залмай Халилзод билан олти кун давом этган музокараларда муҳим силжишлар бўлганини ҳамда битим имзолангандан сўнг 18 ой ўтиб, Америка ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишини билдирди. Маълумки, Давҳа келишуви у ер-бу ерларда гапирилаётган бир лойиҳа бўлиб, ҳалигача бирор бир мажбурият юклайдиган даражада эмас. Шунингдек, Рейтер ахборот агентлигининг 2019 йил 27 январда берган хабарига кўра, музокараларнинг навбатдаги босқичи 2019 йил 25 февралда ўтказилиши белгиланган. Булардан, қуйидаги саволлар келиб чиқади: Толибон шунча йиллар жиҳод қилиб, энди Америка тузоғига илиндими? Бу қандай бўлди? Бу иш қаергача боради? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб:

Аввало, 2017 йил 16 августдаги саволга жавоб нашрамизни эслатиб ўтмоқчиман. Унда Американинг НАТОдаги иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистонда ҳарбий ғалабага эришолмагани, кўплаб Афғон ҳудудлари амалда Толибон ҳаракати назорати остида қолаётгани ҳақида сўз юритган эдик. Шунингдек, малай Афғон ҳукуматининг ушбу Америка урушида қатнашишда ожизлик кўрсатаётганини, атиги пойтахт ва баъзи районларнигина назорат қилаётганини баён қилган эдик. Ўша саволга жавоб нашрамизда АҚШ Трамп даврида Афғонистондаги сиёсатини қайта кўриб чиқиб, Афғонистондаги низо майдонини аксар қисмини музлатмоқчи эканини, у ердаги ўзининг ҳарбий жойлашувини базаларга чекламоқчилигини ва улардан бирор хавф туғилган пайтдагина фойдаланишини, гўё уларнинг вазифасини Исломий Давлат ташкилотига қарши курашишдан иборат қилиб кўрсатмоқчилигини айтган эдик. Ўша саволга жавоб нашрамизда қуйидаги сўзларни ҳам айтган эдик: «Толибонни рози қилиш осон бўлиши учун Америка Покистон ролини қайта фаоллаштиради. Буни Покистондаги янги армия қўмондонлигини Толибон билан ғоят мулойим илиқ муносабат ўрнатган қилиб кўрсатиш билан амалга оширади. Бундан эса, Толибонни Қобулдаги ҳукумат билан музокара столига ўтиришга ва Афғонистондаги америкапараст сиёсий бошқарувда у билан ҳамкорлик қилишга кўндириш кўзланган». «Америка ўзининг Афғонистондаги танловлари камайиб қолаётганини ҳамда Ҳиндистон танлови омадсиз чиққанини тушуниб етгач, Толибон ҳаракатига музокара таклифини қўйишга мажбур бўлди, шу орқали уни Афғонистондаги америкача бошқарувга қўшишни мақсад қилди, Толибонни музокара столига тортиш учун Покистондаги ўз малай ҳукмдорларини ишга солди. Бироқ, Америкага бу уринишлари ҳам омад келтирмади, Афғонистон мавзусида ҳам ҳарбий ва ҳам сиёсий соҳада муваффақиятсизликка учради». Иқтибос тугади. Бироқ, Америка минтақадаги малайларига ишонгани учун бу масалани ҳал этишдан умидини узмади. Айниқса, Афғонистонда ҳам ҳарбий, ҳам молиявий жиҳатдан чеккан машаққатлари Американи анча безовта қилмоқда. Унинг Афғонистондаги кризисини чуқур ўрганиш билан қуйидагилар аён бўлади:

Биринчи: Америка ўз иқтисодиётига таҳдид соладиган даражадаги улкан қарздорликни бошдан кечирмоқда. Зеро, унинг иқтисоди 2008 йилда кризисга учраб, ҳануз унинг асоратларидан қутулолгани йўқ. Америка Ўрта Шарқ, яъни, мусулмон юртларидаги урушларга – президенти Трамп айтганидек – етти триллион доллар сарфлаб, бундан ҳеч нарсага эга бўлолмади. Дарҳақиқат, Трамп 2017 йил 22 январда ўзининг твиттерида «Биз аҳмоқларча Ўрта Шарққа етти триллион сарфлаб қўйдик, энди ўз юртимизни қайта қуришимиз вақти келди», деди. Америкада чиқадиган Fordes журналининг 2016 йил 9 январ кунги сонида «Афғонистондаги уруш АҚШга бугунга қадар бир триллион етмиш миллиард долларга тушди ҳамда 2400дан зиёд ҳалок бўлган америкалик ҳарбийларни, ўн минглаб жароҳатланганларни, доимий мажруҳ ва ногиронларни олиб келди. Шунча кўрилган инсоний ва молиявий зиёнга қарамай, Америка Толибон ҳаракатини йўқ қилишга муваффақ бўлолмади».

Иккинчи: Америка Толибон ҳаракатини ҳарбий йўл билан йўқ қилолмагач, ўз олдида фақатгина Толибонни музокарага тортиш йўли борлигини тушуниб етди. Чунки Американинг Афғон урушидан мағлубиятга учраганини кўрсатмаган ҳолда чиқиши учун бундан бошқа вариант йўқ эди. Бу вариант Американинг Афғонистондаги стратегиясига айланди. Америка учун айни вариантнинг нақадар ҳаётий муҳимлигининг исботи шуки, 2018 йил 5 сентябрда АҚШ давлат департаменти Залмай Халилзодни Афғонистонга вакил қилиб тайинлаб, унга муайян миссия топширди: «АҚШ давлат департаментининг дастлабки баёноти хулосасига кўра, Халилзодга муайян вазифа белгилаб берилган бўлиб, унинг бу вазифаси Американинг Толибонни музокара столига ўтқазишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва ўша томонга йўналтиришдан иборат». (Туркиянинг Онадўли ахборот агентлиги, 2019 йил 12 январ). Шунинг учун Америка фақат бир вариантни, у ҳам бўлса, Толибон ҳаракатини музокаралар столига ўтиришга ундаш ва босим қилиш вариантини танлади. Американинг Афғон урушидан чиқиш учун бўлган бундай назарияси янгилик эмас. Америка бошиданоқ Толибон билан Афғон режими ўртасида музокара бошлашга уринган, аммо бунга муваффақ бўлолмаган. Ҳозирги пайтга келиб, музокаралар бевосита Толибон ҳаракати билан Америка ўртасига кўчди. Америка Афғон режимига асос солган пайтда эса, музокаралар Толибон билан Афғон режими ўртасида бўлишини хоҳлаган эди. Лекин Толибон ҳукуматни Америка қўлидаги бир қўғирчоқ деб ҳисоблагани сабабли музокарага рози бўлмай келарди. Аммо бугун Толибон айни ҳукуматни тузган мана шу Америка эканини била туриб, Америка билан музокара ўтказишга рози бўлди!

Учинчи: Шуни эътибордан қочирмаслик керакки, Америка ўзининг нопок услубларини ишга солиб, Толибон ҳаракатини тинчлик музокаралари ўтказишга кўндириш учун замин тайёрлади. У Афғонистонда бир қанча ишларни амалга оширди. Бундан ташқари, региондаги ўз малайларини ва бошқа тарафларни ҳам ишга солди. Қуйида бунга мисоллар келтириб ўтамиз:

1 – Америка ҳаво ҳужумларининг Толибон ҳаракати раҳбарларига, асосан, музокарага рози бўлмаган етакчиларига қаратилиши: «Америкалик юқори даражали мулозимларнинг айтишича, кеча шанба куни АҚШ учувчисиз бошқариладиган самолётлари ёрдамида Афғон Толибон ҳаракати раҳбари Ахтар Мансурга ҳаво ҳужумини содир этди. АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Ахтар Мансурни «Афғон ҳукумати билан Толибон ўртасидаги тинчлик ва ярашувга тўғоноқ», дея сифатлади». (Дунё Ватан, 2016 йил 22 май). Яъни, Америка Ахтар Мансурни музокарага рози бўлмагани учун нишонга олган. Бу воқеа Обама маъмурияти даврида бўлиб ўтган бўлса, Трамп маъмурияти даврида ҳам бундай амалиётлар давом этмоқда. «Чоршанба куни НАТОнинг «Кескин қўллаб-қувватлов» номли миссияси томонидан чиқарилган матбуот баёнотида айтилишича, 22 июл куни АҚШ махсус кучларини ҳимоя қилиш учун Тажаб районида олиб борилган Америка ҳаво ҳужумида Толибон ҳаракатининг Каписа районидаги икки қўмондони ҳалок бўлган». (Россиянинг Спутник ахборот агентлиги, 2018 йил 25 июл). Кейин бошқа ҳаво ҳужумида Толибоннинг яна бир қўмондони ўлдирилди: «АҚШнинг Афғонистондаги кучлари матбуот воизи полковник Дейв Батлер – биз кеча АҚШ ҳаво ҳужумида Толибоннинг машҳур қўмондонларидан бири мулло Маннон ўлдирилганини тасдиқлаймиз, деди, сўнг «Биз шу орқали сиёсий ечим сари кетяпмиз», дея қўшимча қилди». (CNN arabic, 2018 йил 12 январ).

2 – Эрон Толибон ҳаракатига ёрдам қўлини чўзди, Толибон бўлса Эроннинг Америкага душман давлат, деб билиб, ўзини хавфсиз ҳис этди ва унинг баъзи қўмондонлари Эронга суянадиган бўлди. Ваҳоланки, мулло Ахтар Мансур Эрондан қайтаётиб, унинг чегараларида суиқасдга учраган эди. Шу боис, бу суиқасднинг Америка билан Эрон ўртасидаги тил бириктирув орқали содир этилгани эҳтимоли кўпроқ. Аммо Толибон бундан ибрат олмади, Эронга ишонишда давом этди. Эроннинг қилган иши эса, Толибонни Американинг сиёсий ечимига тортишдан бошқа нарса бўлмади: «Эроннинг таъкидлашича, кеча якшанба куни Афғон Толибон ҳаракати вакиллари Теҳронда эронлик раҳбарлар билан музокара ўтказди. Эрон Ислом Республикаси бошқа исломий жамоалар таъсирини жиловлаш учун қўшни давлатда тинчлик музокараларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Баҳром Қосимий душанба куни сўзлаган нутқида Афғон президенти Ашраф Ғаний музокаралардан хабардор эканини ва бу музокаралар Толиблар ва Афғон ҳукумати ўртасида бўладиган музокаралар форматини белгилаш учун ўтказилганини билдирди». (Евроньюс, 2018 йил 31 январ).

3 – Қатар Толибон ҳаракати учун Давҳада офис очиб берди. Толибон Қатар томонидан эътироф этилишимиз бизга куч беради, деб ўйлади. Бироқ айни офис АҚШ билан Толибон ҳаракати ўртасида музокаралар ўтказиш учун очилганини Қатарнинг ўзи очиқ айтди. Дарҳақиқат, Қатар ўз атрофини «қуршаб турган» давлатлар билан бўлган дипломатик кризиси вақтида бундай деган эди: «Марказий Разведка Бьюроси раҳбари Дэвид Петреус Толибон билан Ҳамаснинг Давҳадаги учрашуви АҚШ ҳукумати талаби билан бўлганини айтди. Унинг мана шу баёнотларининг ўзи Қатарнинг бу ишда ҳеч нарса қилмаганига етарли далилдир. Бу барчанинг кўз ўнгида бўлган, ҳеч қандай парда ортида амалга оширилмаган. Шунингдек, Толибон билан Ҳамаснинг Давҳада бўлишлари Қўшма Штатлар талаби билан бўлган ва бу – Фаластин масаласи билан Толибон масаласида ечимга эришишга қаратилган». (Шарқул Қатарийя журнали, 2017 йил июл). Демак, Қатар Толибонга ўзини қўллаб-қувватловчи ва уни эътироф этувчи давлат қилиб кўрсатган. Толибон эса, унинг тузоғига илинди. Қатарнинг ўз атрофини «қуршаб турган» давлатлар билан муносабати таранглашгач ҳамда Трамп маъмурияти Қатар режимининг ҳимоя қилиниши эвазига тўлов тўланишини талаб қилгач инглизлар малайи бўлмиш бу режим Американи кўнглини олишга ва Толибонни музокарага тортиш вазифасини амалга оширишга янада кўпроқ ҳаракат қилди… У бу ишларни Трамп маъмурияти Саудия хавф-хатарини мендан енгиллаштиради, деган илинжда қилди. Шундай қилиб, Америка бир-бири билан қирпичоқ бўлаётган Форс Кўрфазидаги давлатларнинг Толибонни музокарага мажбурлаш йўлида амалга ошираётган хизматларини бир-бирларидан қизғаниб, ким ўзарга амалга оширадиган хизматга айлантирди. Масалан, Бирлашган Араб Амирлиги музокараларни Абу Дабига тортишга ҳаракат қилиб, Қатар билан ким ўзар ўйнаса, Саудия бу музокараларни Жиддага қараб тортди… Бундан ташқари, Рейтер ахборот агентлигида хабар қилинишича, айни музокараларда қатнашган исмини сир қолишини талаб қилган бир Толибон қўмондони «Аслида, Саудия билан Қатар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф қилган нарса биздаги тинчлик амалиёти бўлди», деди. Яна сўзини шундай давом эттирди: «Биз ўт очишни тўхтатишимиз учун Саудия бизга ҳеч қандай сабабсиз босим қилмоқда». (Россиянинг Спутник ахборот агентлиги, 2019 йил 14 январ). Зоҳирда ўзаро келишмовчилик бўлиб кўринаётган бу босимдан Толибон ҳаракати Кўрфазда ўзини уч томонлама кишанга солингандек ҳис қилди. Бу келишмовчилик бўлиб кўринса-да, аслида, у фақат Америка билан музокара ўтказишга қаратилган эди. Бунда Саудиядаги америкапарастлар билан Амирлик ва Қатар сингари англияпарастлар Американи кўпроқ рози қилиш учун ким ўзар ўйнашмоқда. Бироқ бундай ботил кураш Толибонни фитнага солиб, уни Америка музокаралари ва сиёсий ечимига тортишга қаратилган. Британия Қатарнинг бу ҳаракатига эътироз билдирмади, балки бу ҳаракатида унинг режими учун ҳимоя мавжуд, деб билди. Аммо Амирликларни эса, Америка малайлари билан курашда олдинги чизиққа қўйган бўлиб, бундан маълум мақсадларни кўзлаган.

4 – Покистонга келсак, у бир вақтлар Толибоннинг ташкил топишига ёрдам кўрсатган бўлса, кейинчалик унга қарши курашди. У Толибонга қарши бошлаган қақшатқич жангларини тўхтатиб, бугунги кунда унга мулойим муносабатда бўла бошлади ва тез-тез учрашадиган бўлиб қолди. 2018 йил 25 июлда Покистонга Имрон Хон бош вазир бўлиб, Афғон Толибон ҳаракати билан зоҳиран яқинликни ифодаловчи баёнотлар бера бошлагач, Толибоннинг ишончини қозонувчи муҳит пайдо бўлди. Толибон эса, бунинг Америка музокаралари тузоғига туширувчи бир алдов эканини англамади. Ҳақиқатда ҳам Толибон Америка сиёсатидан бир қарич ҳам нарига ўтмайдиган Покистон ҳукумати томонидан қўйилган Америка тузоғига илинтирилди ёки илгари чақтирган тешикка иккинчи марта чақтириш билан унинг тузоғига ўзи тушди. Масалан, Покистон 1996 йил Афғонистонни Толибон бошқариши учун уни қўллаб-қувватлади. Кейин кичик Бушнинг 2001 йилги ҳужуми пайтида ва ундан кейин Толибондан воз кечди. Ҳатто Толибонни Покистон ичкарисида қувғин қилишда Америка билан бирга иштирок этди. Бугун эса, Америка Толибон ҳаракатини йўқ қилишга муваффақ бўлолмай, Покистондаги ўз нуфузини сақлаб қолиш ва тинчлик ечими учун ягона вариант сифатида музокараларни қайта бошлашга қарор қилгач, Исломобод Толибон ҳаракати билан қадимги кўприкни қайта қура бошлади. Аммо бундаги Покистоннинг ягона варианти Американинг янги стратегиясини амалга ошириш ва унинг Афғонистондаги нуфузини ҳимоя қилишдан иборат. Оқибатда Толибон бармоғини яна бир бор чақтирди! Ваҳоланки, бу ерда ҳеч нарса қоронғи эмас: «Бугун душанба куни Покистон бош вазири Имрон Хон АҚШ президенти Дональд Трампнинг Афғонистондаги тинчлик амалиётида ундан ёрдам талаб қилганини маълум қилди. Покистоннинг «Geo.Tv» каналига кўра, Имрон Хон «Куннинг аввалида АҚШ президенти унга мурожаат қилиб, Покистондан Афғонистондаги тинчлик музокараларида муҳим роль бажаришини ҳамда Толибонни музокаралар столига жалб қилишда ёрдам кўрсатишини талаб қилганини айтди». (Россиянинг Спутник ахборот агентлиги, 2018 йил 3 декабр). Орадан икки кун ўтиб, Покистон бош вазири АҚШнинг Исломободдаги махсус вакили Халилзод билан учрашди ва унга Покистоннинг Афғонистондаги Америка режалари бўйича ҳаракат қилишини таъкидлади. «Ўз навбатида, Имрон – Покистон тинчлик йўлида ва Афғонистондаги ярашув учун сиёсий ечимга эришилишини истайди, деб айтди». (Мисровий, 2018 йил 5 декабр). Сешанба куни Покистон бош вазири Имрон Хон «Ўз мамлакати Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлида қўлидан келган барча ишларни қилишини маълум қилди ҳамда яқинда Абу Дабида Толибон ҳаракати билан Қўшма Штатлар ўртасида бўлиб ўтган мулоқотга Покистоннинг ҳам ҳисса қўшишини таъкидлади». (Явмус-Сабиъ газетаси, 2018 йил 18 декабр). Дарҳақиқат, 2018 йил 19 ноябрда Имрон Хон Покистоннинг Америкага кўрсатган хизматларини ҳимоя қилиб, ўзини ўзи фош этган эди. Ўшанда у «… Покистон АҚШнинг терроризмга қарши курашида ҳамкорлик қилиш йўлини танлади ва бу курашда 75 минг покистонликни қурбон этди, иқтисодиёти 123 миллиард доллардан зиёд зиён кўрди, Америка эса, атиги 20 миллиард доллар ёрдам қилди…», деган эди. Шунингдек, Покистоннинг собиқ Мудофаа вазири Хўжа Осиф ҳам, ўзининг шахсий твиттер саҳифасида покистонлик ҳукмдорларнинг, улар жумласидан ўзини ҳам хиёнатини фош этиб, бундай сўзларни ёзди: «Покистон ўзиники бўлмаган, бошқа бировларнинг урушларига кириб, Америка учун жонларини фидо қилишда давом этмоқда. Биз АҚШ манфаатларига мослаштириб, диний қадриятларимизни топтадик. Бу билан руҳиятимизни вайрон қилиб, уни таассубга алмашдик». Аммо мана бу сўзлардан ҳам очиқ-ошкор сўз бўлмаса керак: Покистон ўзиники бўлмаган урушга кириб,… Америка учун мусулмон фарзандлари қонини тўкди… Ўзининг Ислом дини қадриятларини Америка манфаатларига хизмат қилиш йўлида зое кетказди. Покистоннинг Афғонистондаги роли Туркия ва Эрдоганнинг Суриядаги роли билан бир хилдир. Америка Покистонга неча бор хиёнат қилишига қарамай, қуролли гуруҳларга босим қилиш ва уларни Америка ечимига мажбурлаш учун Америкага кўп хизматлар кўрсатди!

5 – Афғонистон ичкарисидаги маҳаллий вазият ҳамда Американинг малайлари ва малай бўлмаган томонлар амалга ошираётган регионал ҳаракатлар воқеи мана шу. Улар Толибон ҳаракатини музокаралар ва сиёсий ечим тарафига буришга мажбурлаш орқали Америка учун хизмат қилишяпти. Натижада, Толибон ҳаракати Покистонга қараса ҳам, Эронга қараса ҳам, Саудияга қараса ҳам, Амирликларга қараса ҳам фақат битта йўлга кириб қоляпти, у ҳам бўлса, АҚШнинг Афғонистондаги нуфузини ҳимоя қилишга қаратилган Америка музокаралари йўлидир! Бироқ, қани энди Толибон Американинг у билан музокара қилишга бунчалик ўлиб-тирилиб ҳаракат қилаётганини бир ўйлаб кўрса эди… Ўз малайларига қанчалар босим қилиб, уларни Толибонни музокарага рози қилиш учун барча нопок услублардан фойдаланишга бор кучини сарфлашга ундаётганини тафаккур қилса эди… Америка 17 йил давомида Толибонга қарши жанг қилиб, ҳозирда ҳарбий ва молиявий жиҳатдан қанчалик ёмон ҳолатга тушиб қолганини фикрласа эди… Американинг Толибон билан музокара қилишга бунчалар ўч бўла туриб, бу ҳаракатни ҳам, у билан биргаликда курашаётган қаршилик кучларини ҳам – ўз одатига кўра – такаббурлик билан «террорист», деб ҳисоблаётганини ўйлаб кўрса эди… Қани энди, Толиблар мана шуларнинг барчасини обдан фикрлаб кўрганида эди, Америка ўзининг Афғонистонда мағлуб бўлганини норасмий равишда эълон қилаётганини англаган бўлар эди. Шунингдек, Америка бу каби мағлубиятлар уни ағдармасидан олдин ҳамда шундай катта давлатнинг шармандаси очилиб, емирила бошлаётгани яққол маълум бўлиб қолмасидан олдин айни ҳолатдан қутулмоқчи бўлаётганига гувоҳ бўлган бўлар эди. Америка бу урушдан шармандаи шармисор ва мағлуб аҳволда чиқиши учун Толибон бундай ҳолатдан фойдаланиб, унга қаттиқ босим қилиши керак эди. У билан музокаралар ўтказиб, унинг дам олишига йўл бермаслиги керак эди. Зеро, Америка умуман ишониб бўлмайдиган давлатдир:

﴿لاَ يَرْقُبُونَ فِي مُؤْمِنٍ إِلاًّ وَلاَ ذِمَّةً وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُعْتَدُونَ﴾

«Улар бирор мўмин хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Улар тажовузкор кимсалардир» [Тавба 10]

Американинг умуман ишониб бўлмайдиган давлат экани шундаки, Толибон ҳар қанча музокараларга кириб, ён берса ҳам Америка ундан рози бўлмайди, балки Афғонистонда нуфузи доимий сақланиб қолсагина рози бўлиши мумкин… Гарчи америкалик вакиллар Толибон юзига ишшайиб боқишса-да, бироқ ич-ичларида яширишган нарса ундан ҳам ёмонроқдир!!

6 – Демак, аламли ери шундаки, Давҳада олти кун давом этган бу музокаралар яна қатор музокараларга эшик очиши ва бунга Толибоннинг ўзи гувоҳлик беришидир. Масалан:

а) «Толибондаги етакчилардан бири Ваҳид Мужидо Онадўли ахборот агентлигига берган интервьюсида – иккала томон ажнабий кучларнинг чиқиб кетиши ва Толибон дунёнинг ҳеч бир қитъасига таҳдид туғдирмаслиги устида пухта-яхши келишиб олдилар, деди. У тавсия этилган тинчлик жараёнининг халқаро ҳимоя билан таъминланишига Толибоннинг ҳаракат қилаётганини маълум қилди. Кейин жумладан, «Давҳа битими баъзи бир техник муаммолар ва битим ишлаб чиқилиши сабабли, ҳали тўлиқ якунига етгани йўқ», дея қўшимча қилди». (Онадўли ахборот агентлиги, 2019 йил 26 январ).

б) Рейтер ахборот агантлигининг 2019 йил 26 январдаги хабарига кўра, Толибоннинг икки нафар мулозими бундай деган: «Вашингтон билан якуний битимга эришиш учун баъзи бандлар бўйича битим имзоладик. Бу бандларда АҚШ кучлари битим имзолангандан бошлаб 18 ой ичида чиқиб кетиши, бунинг муқобилида, Толибон ҳаракати Ал-Қоида ва ИШИД ташкилотларининг Афғон ерларидан Америкага қарши фойдаланмаслигини таъминлаши таъкидланган».  Битим матнидаги Ал-Қоида ва ИШИД ташкилотларига рухсат берилмасликка оид сўзлардан кўриниб турибдики, Америка Толибонга Афғон режимидан бир жой бериб, ундан бошқа ташкилотларга қарши курашиши кафолатини талаб қилмоқчи, яъни, Толибондан мана шу мақсадда ҳам фойдаланишни истамоқда.

7 – Булардан ташқари, америкалик мулозимлар берган баёнотлар ҳам Толибон мулозимлари баёнотларини тасдиқламоқда. Масалан:

а) «АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Толибон билан Қатарда ўтказилган музокаралардан олти кун ўтиб, твиттерда «Бу ерда бўлиб ўтган учрашувлар илгари кутилмаган даражада самарали бўлди. Биз муҳим масалаларда улкан ютуқларни қўлга киритдик», деб ёзди». (dw.com/ar, 2019 йил 26 январ).

б)   «АҚШ Мудофаа вазирлиги вазифасини бажарувчи Патрик Шэнахэн 2019 йил 28 январда Толибон билан ўтказилган музокаралар тўғрисида «Мен музокаралар натижаси қониқарли бўлди, дея айта оламан», деди». (Ҳурра Америка, 2019 йил 28 январ).

8 – Демак, Давҳа битими лойиҳаси Толибоннинг жуда пухта бўлган деворининг ёрилганини, кейин эса, ҳукумат бу нарсани силлиқлай бошлаганини англатади. Тўғри, Толибон ҳаракати Қобул ҳукумати билан ҳаргиз музокара қилмаслиги тўғрисида аниқ баёнотлар берди. Америка ҳам шунга ўхшаш баёнот бериб, бу битим барча нарсани ўз ичига олмоғи лозим, акс ҳолда, унинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмайди, деди. Бироқ, шундай бўлса-да, томонлар музокараларнинг бошқа раундларига интилишяпти ва бу Давҳа музокараси билан анави малайларнинг ҳаракати самарасидир. Шунинг учун айтиш мумкинки, Америка ўзининг 17 йиллик урушидан сўнг Афғонистонда кириб қолган боши берк қоронғи тоннелда ниҳоят ёруғликни кўрди. Бироқ, холис инсонлар шамоли оқими ҳам борки, бу оқим Толибон орасига кириб бориб, бу битимни учириб, кулини кўкка совуриши ҳамда Американинг Афғонистондаги урушдан омонлик билан чиқиб оламан, дея умид қилаётган ёруғлигини ўчириб ташлаши ҳеч гап эмас.

9 – Шунинг учун Толибон ҳаракати ва АҚШ билан НАТОнинг салибчилик босқинига қарши курашаётган барча мужоҳидлар бу мустамлакачи давлатга ҳам, унинг тобе режимига ҳам ҳаргиз ён бермасликлари ва унга қўшилмасликлари, қаршиликларини барқарор сақлаб қолмоқлари лозим. Ана шунда Америка Афғонистондан хору зор ва шармандалик билан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Бу уруш бир соатлик сабрдир. Чунки Америка мужоҳидлар иродасини синдириш қўлидан келмагандан кейингина музокарага ўтди. Бас, Толибон ҳаракати ва барча мужоҳидлар музокара ботқоғига тушишдан сақлансинлар. Зотан, бу ботқоқ америкаликлар ва ғарбликлар наздида бир томоннинг ён беришидирки, у орқали урушда эришолмаган ютуққа музокаралар билан эришишади. Яъни, прагматик сиёсий тушунча бўйича, бу душманнинг бир томчи қон тўкмай, бир тийин сарфламай мағлуб қилишидир.

Америка жинояткор ва душман давлат, қилган душманлигию жиноятлари учун албатта жавоб бериши шарт. У Афғонистон аҳлидан миллионлабини қатли ом ва ярадор қилиб, ногирон аҳволда қолдирди, уй-жойларини вайрон қилиб, муҳожирга айлантирди. Совет Иттифоқи содир этган жиноятлардан қолишмайдиган, балки ундан ҳам ўтадиган унинг ушбу жиноятларини санаб тугатиб бўлмайди. Қачон Толибон Америкага қарши уруш олиб бориш ва сабр қилишдек олдига қўйган мақсадида содиқ қолиб, сабот билан турса, Совет Иттифоқи Афғонистондан хору зор қувиб солингани каби, Америка тақдири ҳам шундай бўлиши мумкиндир. Чунки Аллоҳ сабр қилиб, собит турганларга – ҳатто душмандан оз бўлсалар ҳам – албатта нусрат беришни ваъда қилди. Аллоҳ Таоло бундай деди:

﴿الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُمْ مُلاَقُو اللَّهِ كَمْ مِنْ فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللَّهِ وَاللَّهُ مَعَ الصَّابِرِينَ﴾

«Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир», дедилар»   [Бақара 249]

Шунингдек, улар Афғонистондаги мавжуд ҳукуматда ҳам иштирок этмасликлари, билъакс, уни ағдариб, Ислом бошқарувини, яъни, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этмоқлари керак. Зеро, Росулуллоҳ A ушбу Халифалик ҳақида

«ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»

«Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади», дея башорат қилганлар.

﴿لِمِثْلِ هَذَا فَلْيَعْمَلِ الْعَامِلُونَ﴾

«Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар!» [Соффот 60]

1 жумодус-соний 1440ҳ

 6 феврал 2019м

Total Views: 188 ,

Добавить комментарий

АҚШ Давлат департаменти делегацияси Ўзбекистонга келмоқда

АҚШ Давлат департаменти делегацияси Ўзбекистонга келмоқда АҚШ Давлат департаменти делегацияси...

Закрыть