Брексит бўйича ўтказилган Британия референдумининг асл моҳияти!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

Брексит бўйича ўтказилган Британия референдумининг асл моҳияти!

Савол:

Британия парламенти 2019 йил 16 январда Мэй ҳукуматига ишонч билдириб овоз берди. Натижада, Мэй ғалаба қозониб, истеъфога чиқарилмади: «Мухолафатдаги Лейбористлар партияси Мэй ҳукуматига ишончсизлик билдириш таклифи билан чиққан эди. Британия парламентининг қуйи палатаси эса, чоршанба куни бу таклифни рад этди. Мэй ҳукуматини қўллаб 325та овоз берилган бўлса, 306та қарши овоз берилди. Яъни, сешанба куни Брекситга қарши овоз берган Консерваторлар партиясидан бўлган юзга яқин депутат эртасига чоршанба куни ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласига қарши овоз берди». (Франс-Пресс, 2019 йил 16 январ). Буни қандай тушуниш мумкин? Ахир, Мэй партиясидан бўлган юзга яқин шахс унинг Брексит лойиҳасига қарши мухолафат фойдасига овоз бериб, 202 овоз муқобилида 432 овоз билан Мэйнинг Брексит лойиҳасини муваффақиятсизликка учратган эди. Эртасига эса, улар Мэйнинг рақибларига қарши овоз бериб, бош вазир ҳукуматига нисбатан билдирилган ишончсизликка қарши овоз беришди, гўё масала ролларни бўлишиб олишга ўхшайди! Кейин, 2016 йилда Брекситга розилик билдирилиб, бугун унинг амалга оширилишига икки ой қолганда рад этиляпти, буни қандай тушунамиз? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб:

Британия ўз мақсадига етиш йўлида маккорлик қилишга, ўйин қилиб, вақтни чўзишга устаси фаранг бўлиб кетган, бунга шубҳа йўқ. Жавобимиз аниқ бўлиши учун қуйидагиларни келтирамиз:

Биринчи: Бундан икки ярим йил муқаддам, 2016 йил 23 июнда бўлиб ўтган референдумдан сўнг 2016 йил 5 июлда нашр қилган саволга жавоб нашрамиздаги баъзи ибораларни келтириб ўтмоқчимиз. Ўшанда биз 2019 йил 15 январда содир бўлган воқеа-ҳодисаларни шундай тус олишини тахмин қилган эдик:

1 – Британияда 2016 йил 23 июнда Европа Иттифоқида қолиш ёки ундан чиқиш тўғрисида референдум ўтказилди. Референдум натижасида чиқишни ёқлаб тахминан 52 % овоз берилди. Бунинг ортидан Британия бош вазири Кэмерон истеъфога чиқишини эълон қилди. Лекин унинг ҳукумати уч ой муддат ишлаб турадиган бўлди…  Маълумки, Кэмерон ўзининг 2015 йилги сайлов кампаниясида агар бу сайловларда ғолиб чиқса мана шу референдумни ўтказишни ваъда берган эди. Бу билан Британия алоҳида имтиёзларни қўлга киритиш учун референдум ўтказишга имо-ишора қилганди. Бу – унинг доимий одатидир. Бу билан Британия Европа Иттифоқини ва бошқа аъзо давлатларни ўзининг Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақида референдум ўтказиш қарори пайдо қиладиган сиёсий ва иқтисодий саросимадан қўрқитиб келаётган эди!

2 – Британиянинг иттифоқ томонидан эришиладиган ютуқларни қўлга киритиш учун референдум билан таҳдид қилиш сиёсати бир янгилик эмас. Аксинча, бундай сиёсат Британия иттифоқ таркибига кирган илк йиллардан бошлаб юргизиб келинаётган сиёсатдир. Чунки Британия 1973 йил январда Европа иқтисодий гуруҳига аъзо бўлганидан бошлаб – Европа Иттифоқига аъзо эканлигига қарамай – ўзининг валютаси «фунт стерлинг»ни сақлаб қолиш ва «шенген» зонасидан ташқарида қолиш унинг доим фойдаланадиган алоҳида статуси бўлиб келган. Британия ўзининг иттифоқда қолиши тўғрисида «референдум» ўтказиш ғоясидан Европа давлатларига нисбатан бир шантаж сифатида фойдаланиб келди. У шу орқали иттифоқ ичкарисида қўшимча алоҳида имтиёзларга эришмоқчи бўлди. Масалан, Британия 1975 йилда ўзининг иттифоқда қолиши шартларини яхшилаш бўйича референдум ўтказди ва унда британияликлар Европа иқтисодий гуруҳида қолишни ёқлаб овоз беришди… Британия шу орқали ўзининг ғараз мақсадларига – ҳатто улар ифлос ғараз мақсадлар бўлса ҳам – эришмоқчи бўлди! Бу референдумда Консерваторлар партияси айёрлик билан ҳаракат қилди. Чунки бу партиянинг одамлари бир вақтнинг ўзида икки кампанияни: иттифоқда қолиш ва ундан чиқиш кампаниясини бошқаришди!!

3 – Кэмерон бошчилик қилаётган ҳукмрон консерваторлар партиясининг мазкур референдум мавзусидаги сиёсатига чуқурроқ назар ташлаш Кэмероннинг натижалар узил-кесил бўлмаслигини, масалан тенг бўлишини кутганлигини кўрсатмоқда. Чунки шунда натижалар қабул қилиш ва рад қилиш ўртасида бўлиб қоларди-да натижада иттифоққа қайтиш учун йўл очиқ бўлиб қоларди ёки бу узил-кесил бўлмаган натижалар иттифоқ билан янги музокара олиб боришга йўл очиш учун бир баҳона қилиб олинарди. Иттифоқда қолиш кампаниясини ҳам ва ундан чиқиш кампаниясини ҳам консерваторлар партиясининг ўзи шу мақсадда бошқарган эди… Шунинг учун ҳам аслида бу икки кампаниядан ҳеч қайсиниси қолиш ёки чиқиш тўғрисида – бу референдум иттифоқ томонидан қўшимча ён беришларга эришишга бир йўл бўлишига жиддий уринганчалик – жиддий бўлмади. Шунинг учун демак Британиянинг чиқишни амалга оширишни зўр бериб ортга чўзиши кутилади. Уни амалга ошириш йилларга чўзилиши ҳам мумкин. Бу – агар Британия ростдан ҳам чиқадиган бўлса шундай бўлади. Зеро, Британия ифлослик ва алдовда моҳир бўлиб кетган. Бу нарса баёнотлардан ва ахборот воситалари тарқатаётган шарҳлардан шундоқ кўриниб турибди… Буларнинг барчаси референдум натижасини амалга оширишдаги бу ортга чўзишнинг эҳтимоли кучли эканлигини кўрсатмоқда. Балки референдумнинг ўзи тўғрисида ҳам макру ҳийлалар қилиниши мумкин…». (Ҳижрий 1437 йил 30 рамазон – милодий 2016 йил 5 июлдаги саволга жавоб нашрамиздан келтирилган иқтибос тугади).

Иккинчи: Бугун юз бераётган ишлар биз олдиндан айтиб келган нарсани деярли тасдиқламоқда. Зеро, биз Британиянинг ўз манфаатларини қўлга киритиш учун турли хил референдум ўйинларини ишга солишини, вақтни чўзиб, муғомбирлик қилишини, ўз мақсади йўлида ҳатто ёвуз ишларни ҳам амалга ошириши мумкинлигини айтган эдик. Қуйидаги ишларни тафаккур қилсак, бу яна-да ёрқинлашади:

1 – Мэй парламентнинг қуйи палатасида катта мағлубиятга учради. Яъни, «Европа Иттифоқи билан эришган Иттифоқдан чиқиш тўғрисидаги келишув жуда кўп овоз билан рад этилди ва бу мамлакат тарихидаги ҳукуматлар учраган энг катта парламент мағлубияти бўлди. Чоршанба куни 202 депутат келишувни ёқлаб овоз берган бўлса, 432 депутат қарши овоз берди». (Би-Би-Си, 2016 йил 16 январ). Бу эса, 29 март кунига белгиланган Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши тўғрисидаги келишувнинг татбиқ этилмаслигини англатади. Чиқиш тўғрисидаги муҳокамалар анъанавий ҳукмрон Консерватив партия йўналишлари бўйича кетмади, балки парламентдаги консерваторлардан 118 нафари бош вазир Мэйнинг Европа Иттифоқидан чиқиш тўғрисидаги битимига қарши овоз бериб, мухолафат партияларига қўшилиб олди. (Бу – 1924 йилдан бери Британия парламентидаги энг катта йўқотиш ва янги асрдаги Британия ҳукуматининг энг ёмон мағлубияти ҳисобланади». (Би-Би-Си, 2019 йил 15 январ).

2 – Мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиш битими парламент томонидан рад этилгандан сўнг Мухолафатдаги Лейбористлар партияси раҳбари Жереми Корбин Тереза Мэй ҳукуматига ишончсизлик билдириш мавзусини муҳокамага қўйганини билдириб, бундай деди: «Бу ҳукумат палата ишончини йўқотди, қуйи палатадаги жаноблар, маълумингиз бўлсинки, мен ҳукуматга ишончсизлик билдириш мавзусини муҳокамага қўйдим, бу таклифим эртага баҳс-мунозара қилинади, деган умиддаман». (RT Arabic, 2019 йил 15 январ). Бироқ, эртаси кунги берилган овозлар натижаси Мэй фойдасига бўлди. Чунки Консерваторлар партиясининг 118 нафар депутати қолган консерваторлар билан биргаликда мухолафатга қарши овоз бериб, Мэйга бўлган ишончсизлик ҳаракатига тўсиқ қўйишди. Шундай қилиб, «Мухолифатдаги Лейбористлар партияси Британия ҳукуматига қарши кўрсатган ишончсизлик билдириш амалга ошмаганидан кейин бош вазир Тереза Мэй парламентнинг қуйи палатасида 306 овоз муқобилида 325 овоз билан мағлубиятни енгиб ўтишга муваффақ бўлди. Бу билан қайта умумий сайловлар ўтказишга ҳожат қолмади. Парламентнинг қуйи палатасида ҳукуматга ишончсизлик билдириш 26 йилдан бери биринчи марта бўлаётган ҳолатдир… Шундан сўнг мухолафат лидерлари Брексит мавзусини муҳокама қилиш учун чоршанба кунидан бошлаб, зудлик билан йиғин ўтказишга чақиришди… Зеро, сешанба куни Брекситга қарши овоз берган Консерваторлар партиясидан бўлган юзга яқин депутат эртасига чоршанба куни ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласига қарши овоз берди». (Франс-Пресс, 2019 йил 16 январ). Бу нарса Мэйда 2019 йил 21 январга қадар амалга ошириши мумкин бўлган бир имкониятни пайдо қилди. Яъни Мэй «Альтернатив режа тақдим этиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, унинг қўлида кўплаб вариантлар ҳам бор, масалан, Брюсселда қайта музокара ўтказиш ёки келаси 29 мартга белгиланган Брексит муддатини кейинга суришни талаб қилиш ёхуд ҳеч қандай битимсиз чиқиб олиш каби вариантлар! Еврокомиссия раиси «Британияни қандай ниятлари борлигини мумкин қадар тез вақт ичида очиқлашга чақираман, олдимизда кўп вақт қолмади», деди. (Анбо сайти, 2019 йил 17 январ).

3 – Шундай қилиб, Британиядаги овозга қўйиш ўйинларининг ҳақиқати маълум бўлди. Яъни, 2019 йил 15 январдаги берилган овозлар натижасида унинг Брексит лойиҳаси барбод бўлди. Агар мана шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, эртасига чоршанба (2019 йил 16 январ) куни ҳам берилган овозлар натижасида Мэй ҳукуматига ишончсизлик билдирилиши керак эди. Бироқ, бундай бўлмади, аксинча Мэй ғалаба қозониб, унга ишонч билдирилди. Ваҳоланки, унинг лойиҳаси бир кун аввал барбод бўлиши ва эртасига Мэйнинг ғалаба қозониши бир-бирига қарама-қарши нарса!

Тўғри, Мэй партиясидан 118 нафар киши унинг лойиҳасига қарши овоз бериб, мухолафат очкосини кўпайтирди ва бу билан Мэй лойиҳасини барбод этишди. Бироқ, Мэй партиясидаги мана шу 118 нафар киши эртасига мухолафатга қарши овоз берди. Яъни, Мэйга ишончсизлик билдирилишига қарши овоз берди. Бу билан Мэй қайта ишонч қозониб, лойиҳаси барбод бўлса ҳам ўзи истеъфога чиқарилмади!

4 – Юқоридаги гаплардан қуйидагилар аён бўлади: 2016 йил референдумидан мақсад шу бўлганки, Британияга Европа Иттифоқи билан янги муносабат шартларини такомиллаштириб олиш учун бир баҳона керак бўлган. Шунинг учун ҳам Мэй ўз партиясидаги 118 нафар кишининг мухолафат тарафида туриб ўзига қарши овоз беришига ва бу билан мухолафат очкосини кўпайтиришларига қўйиб берди. Яъни, ўзининг Брексит лойиҳасининг барбод бўлишига қўйиб берди! Агар Мэй 2016 йилги референдум ўзгаришсиз қолишини истаганда эди, партиясидаги бунча кишиларнинг ўзига қарши овоз беришига рухсат бермаган бўларди. Бироқ, ҳукуматига ишончсизлик билдирилгач эса, лавозимдан кетмаслик учун ана шу 118 нафар кишининг мухолафатга қарши овоз беришига ундади! Унинг бу ишлардан кўзлаган мақсади, Европа Иттифоқини провокация қилишда давом этишдир. У бу провокацияларини маълум ваколатларга эга бўлиш, манфаатларни қўлга киритиш ҳамда Европа билан янги муносабат шартларини жорий қилиш учун амалга оширмоқда. Аслида, Британия бу Иттифоқдан на буткул чиқа олади, на ундаги ҳозирги қонунлари билан қола олади. Чунки буткул ундан чиқиш Британия ичкарисидаги халқлар жипслигига, айниқса, Шотландия ва Шимолий Ирландия халқлари бирлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун у қолмоқчи бўляпти-ю, бироқ маълум шартлар билан қолмоқчи бўляпти. Мабодо, чиқишдан бошқа чора топа олмаса, Иттифоқ ҳисобига маълум ваколатларни қўлга киритиш билан чиқмоқчи!

5 – Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ҳам Бирлашган Қиролликни «Қандай нияти борлигини мумкин қадар тез вақт ичида очиқлаш»га чақирди, «Бундай овоз бериш билан бетартиб равишда чиқиш хавфидан огоҳлантирди». (CNN Арабия, 2019 йил 15 январ). Биз юқорида 2016 йилги референдумга оид нашрамизда яна бундай деган эдик: «Европанинг Британия ўйинларини тушуна бошлаганлиги кўриниб турибди. Чунки Британия ўзининг манфаатларини норвег ва швед модели асосида ҳимоя қилиш учун бир норасмий битим тузишни истаяпти. Британия бунга иттифоқдан ажралиб чиқиш тадбирларини бошлаш учун Лиссабон шартномасининг 50 моддаси бўйича иш юритишга ўтишдан олдин эришмоқчи. Лекин Норвегия ва Швецияга тескари ўлароқ Британия Европа бозорига кириб боришни истаяпти ва британиялик сайловчилар ўртасида асосий масала бўлган шахсларнинг эркин кўчиб юришига қарши чиқмоқда. Меркел буни қатъий равишда эҳтимолдан узоқ санади. Қолаверса, шахсларнинг эркин кўчиб юриши Европа Иттифоқи муқаддас санайдиган эркинликлардан биридир. У билан бир қаторда товарлар, хизматлар ва сармоя айирбошлаш эркинлиги ҳам бор. Европа Иттифоқи Британиянинг тулкилигини яхши тушуниб турибди. Шунинг учун ҳам иттифоқ бу ғояни қатъиян рад этибгина қолмай, балки 27 аъзо давлатларнинг биронтаси билан Британия ўртасида ҳар қандай яширин сўзлашувлар бўлишини ҳам ман қилди. Масалан, еврокомиссия бошлиғи Жан-Клод Юнкер: «Жуда очиқ-равшан бўлишимга рухсат бергайсиз, Британия ҳукумати билан яширин уринишлар бўлиши мумкин эмас», деди. У бу ишни комиссиянинг барча ходимларига жуда аниқ равшан баён қилиб бундай деди: «Яширин музокаралар ўтказилишига йўл қўйилмайди… Яширин музокаралар ўтказилишига йўл қўйилмайди». (Evening standard, 2016 йил 28 июн).

6 – Шунга қарамай, Британия Европа Иттифоқига ўз ниятларини билдириши кераклигига парво ҳам қилмаяпти. Аксинча, яқинда бўлиб ўтган 2019 йил 15 январдаги овозга қўйиш ўйинларини давом эттирмоқда. Натижада, Брексит бўйича 2016 йилги референдум барбод бўлди. Аммо лойиҳа соҳибаси Мэйга нисбатан билдирилган ишончсизлик амалга ошмай, аксинча, янги лойиҳа ва альтернатив режаларни жорий қилиш учун қайта ишонч қозонди! Хусусан, Иттифоқда қолиш ёки қолмасликдан қатъий назар, Ирландия масаласини ҳал қилиб олишни хоҳлади ва шундай ҳам бўлди. Оммавий ахборот воситалари Мэйнинг бу йўлдаги режалари тўғрисида қуйидагича хабарлар тарқатди:

а)   Британия Бош вазири Тереза Мэй бугун 2018 йил 21 январ душанба куни парламентга «Ўзининг «альтернатив» режасини очиқлади. Бу – депутатлар Европа Иттифоқи билан эришилган Брексит битимига норозилик билдиришлари ортидан бўлди. Яъни, агар депутатлар чиқиб кетиш вақтини кечиктиришга ёки Еврокомиссияни рози қиладиган бирор альтернатив режага эришишга муваффақ бўлишолмаса, Британия Европа Иттифоқини келаси 29 март куни ҳеч қандай битимсиз тарк этадиган бўлди. Мэй келгусида қандай иш қилиш билан боғлиқ режаларини белгилаб олганидан сўнг, депутатлар қатор ўзгартишларни ўртага ташлайди ва бу ўзгартишлар жорий 29 январда овозга қўйилади. Парламент рози бўлмаган Брексит битимидаги кўпроқ ихтилофли банд «хавфсизлик тармоғи» бандидир. Бу – Британия Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли савдо шартномасини имзолашга муваффақ бўлолмаган тақдирда, Ирландия билан бўлган чегараларда эркин ҳаракатланишни давом эттириш қонунининг таъминланиши айтилган банддир. Сенди Таймс газетасида айтилишича, Мэй Дублин билан алоҳида битимларни таклиф қилади». (Мисровий сайти, 2019 йил 21 январда Франс-Прессга таянган ҳолда нашр қилди).

б)   Мэйнинг 2019 йил 21 январдаги баёнотига кўра, у «ўтган ой европалик раҳбарлар билан эришган битимга ўзгартишлар киритиш масаласини муҳокама қилиш учун яна Брюсселга боришни режалаштирмоқда. Мэй жумладан бундай деди: «Бу ҳафта ўз бурчларимизга қандай амал қилишимизни кўриш учун, ҳамкасблар билан, шу жумладан, Шимолий Ирландиядаги Демократик Бирлик партияси мулозимлари билан учрашаман». Бу муҳокамалар ичида «чегараларни қайта тиклашдан четлашиш» ҳам бор бўлиб, бу парламентнинг қуйи палатасида «мумкин қадар кучлироқ қўллаб-қувватловга эришишни таъминлайдиган услубда» амалга оширилади. Мэй «Бу муҳокамалар натижасини Европа Иттифоқига батафсил баён қиламан», дея қўшимча қилди. Европа Иттифоқи давлатлари Мэй ташлайдиган келгуси қадамларни яқиндан кузатиб туради». (Франс 24, Франс-Пресс, 2019 йил 21 январ).

в)   «Мэй Брексит бўйича ўз позициясида баъзи ўзгаришлар борлигини очиқлади. Яъни, Британия бош вазираси парламент билан муҳокамаларда «кўпроқ муросасоз» бўлишга, британиялик ишчилар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши билан боғлиқ мухолафатдаги Лейбористлар партиясининг талабларига жавоб беришга, Шимолий Ирландия билан Ирландия Республикаси ўртасида қаттиққўл божхона чораларини қайта жорий қилинишига доир хавфни бартараф қилишга… ваъда берди. Шуни таъкидлаш лозимки, Тереза Мэйнинг Британия парламентига Европа Иттифоқидан чиқиш шартлари билан боғлиқ янги режа тақдим этиши кутилмоқда. Маълумки, яқинда 15 январ куни парламент Мэй ҳукумати билан Брюсселда эришилган биринчи битимни рад қилган эди. Янги режага Британия парламенти 29 январда овоз бериши кутилмоқда». (RT Arabic, 2019 йил 21 январ).

7 – Хулоса: Британия ҳеч қандай бурчга вафо қилмайдиган давлат. Билъакс, у ҳар қандай битимни референдум ўйини билан ўзгартиради, алмаштиради, ўз манфаатига етиш учун бу каби масалада ҳар қандай нопок макр-ҳийладан тап тортмайди. Масалан, куни кеча Брексит лойиҳаси бўйича битим имзолаб, бугун Британия референдуми орқали уни йўққа чиқарди! Мақсади, айни лойиҳага Европа Иттифоқига зарар келтирадиган суратда ўзгартиш киритиш билан уни провокация қилишдир. Умуман олганда, бутун капиталистик Ғарбда ўзгармайдиган бирор қадрият йўқ. Аммо Британия ўзининг эскидан мустамлакачилиги сабабли бошқа Ғарб давлатларига нисбатан янада маккор, янада нопокдир. Британия Иттифоқдан биратўла чиқиб кетишни истамайди, балки ундан чиқмаган ва айни пайтда Иттифоқда қолмаган ҳолда, Иттифоқни бошқача қолипга солмоқчи! Иттифоқ қонун-қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, у билан бўлган муносабатлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни давом эттирмоқчи. Юқорида айтганимиздек, биринчи референдумдан сўнг ҳамда Британиянинг пайсалга солаётгани кўриниб қолгандан кейин, Германия канцлери Меркел Лондонга қуйидагича очиқ хат жўнатди: «Британиянинг – Иттифоқдан чиқиш борасида референдум ўтказилганидан кейин –ваколатларни қўлга киритишга ва бир вақтнинг ўзида, ўзининг барча бурчларидан воз кечишга ҳаққи йўқ». (DPA, 2016 йил 28 июн).

Шубҳасиз, Европа Иттифоқи агар биринчи Брексит лойиҳасига риоя қилиш ва унинг бандларига ҳеч қандай ўзгартиш киритмаслик устида қаттиқ турса, Британияга ўз қилмишлари оқибатларини тоттириб қўйиши мумкин. Бу билан Британия олдида ё буни қабул қилиш ёки Иттифоқдан чиқиб кетишдан ўзга чора қолмайди. Агар Европа Иттифоқи шундай қилса, Британияни ўзи қазиган чуқурга ўзини тушириши мумкин. Бироқ, Иттифоқ Британия тиқиштираётган ўзгартишларга рози бўлса, у ҳолда, Британия унинг елкасига миниб олишда давом этаверади, уни ғафлатда қолдириб, ерга қулатмагунча елкасидан тушмайди!

Илмонийликни ва капиталистик тузумни қабул қилган миллатлар аҳволи мана шу. Бир-бирларига чуқур қазийдилар, оқибатда уларнинг бири ёки барчаси чуқур қаърига қулайдилар. Зеро, уларни на бирор қадрият тия олсин ва на бирор ғурур тўхтата олсин. Аксинча, Аллоҳнинг шариатига риоя қилмаган ўзларидан олдинги миллатлар каби, уларнинг куч-қуввати фақат ўз ўрталарида кучли бўлишдан нарига ўтмайди:

﴿بَأْسُهُمْ بَيْنَهُمْ شَدِيدٌ تَحْسَبُهُمْ جَمِيعاً وَقُلُوبُهُمْ شَتَّى ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَا يَعْقِلُونَ

«Улар ўз ўрталарида кучли-қувватлидирлар, (яъни, жанг-жадал бўлмасдан туриб ўзаро куч-қудратли эканликлари ҳақида лоф ураверадилар, аммо жанг пайтида ожиз-қўрқоқдирлар). (Оғизларидаги сўзларидан) уларни бир деб ҳисоблайсиз-у, (аммо) диллари хилма-хилдир. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз қавм эканликларидир»  [Ҳашр 14]

Ушбу оламни ислоҳ этишнинг ҳамда то қулоғигача ботган бадбахтликдан уни қутқаришнинг ягона йўли Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этиш орқали Аллоҳнинг шариати билан бошқаришдир. Зотан, ушбу давлат фақат ўз атрофига адолат ва эзгулик улашибгина қолмай, балки, Аллоҳнинг изни ила, бу адолат ва эзгулиги таъсири бутун оламга етиб боради.

﴿وَلَتَعْلَمُنَّ نَبَأَهُ بَعْدَ حِينٍ

«Албатта сизлар унинг хабарини (озгина) вақтдан сўнг билиб олурсизлар» [Сод 88]

19 жумодус-соний 1440ҳ

25 январ 2019м

Total Views: 441 ,

Добавить комментарий

Анқара билан Вашингтон ўртасида қўшма оператив (тез ҳаракатга келувчи) кучлар ташкил этилди

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم Роя газетаси: Анқара билан Вашингтон ўртасида...

Закрыть