Хельсинкидаги Америка-Россия саммити

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

Хельсинкидаги Америка-Россия саммити

Савол:

2018 йил 16 июл душанба куни Финляндия пойтахти Хельсинкида АҚШ ва Россия президентлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу нарса ҳар икки мамлакат ўртасидаги кескинликнинг якун топганини англатадими? Ушбу саммитнинг 2018 йил 12 июлдаги НАТО давлатлари саммити ортидан ҳамда АҚШ билан унинг европалик иттифоқчилари ўртасида юзага келган кескинликдан сўнг ўтказилиши нимани англатади? Бунинг Россия билан Хитой ўртасидаги муносабатларга таъсири борми? Шунингдек, Сурия масаласини ҳал қилишга қандайдир таъсир кўрсатадими?

Жавоб:

Саволнинг Хельсинкида ўтказилган Америка-Россия саммити билан боғлиқ қисмига қуйидагича жавоб берамиз:

АҚШ-Россия ўртасида узоқ вақт давом этган кескинлик 2014 йилдан бошланди. Ўшанда Россия Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олган пайтда, Америка билан Европа Россияга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган эди. Обама маъмуриятининг бошқарув муддати ниҳоясига етар экан, бу икки давлат ўртасидаги кескинлик янада авж олди. Зеро, Обама маъмурияти Россияни президентликка номзод Трамп фойдаси учун Америка сайловларига аралашганликда айблади. Ўшандан бери томонлар ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар амалда тўхтаб қолган. Тўғри, АҚШ ва Россия президентлари айни саммитдан олдин икки марта учрашишди. Уларнинг бу учрашувларидан бири 2017 йил июлда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган «Катта йигирмалик» (G20) саммити доирасида бўлиб ўтган бўлса, яна бири 2017 йил ноябрда Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё-Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлик (APEC) форуми доирасида бўлди. Бироқ, бу учрашувлар олий даражадаги саммит даражасига кўтарилмай, йўл-йўлакай бўлиб ўтди. Шунинг учун уларда икки мамлакат ўртасидаги қайноқ масалалар муҳокама қилинмади. Трамп маъмуриятининг бир ярим йиллик иш фаолияти давомида Россия икки президент ўртасида олий даражадаги учрашувларни амалга оширишга жиддий ҳаракат қилиб келди. Бироқ, Америка Россияга нисбатан босим ўтказиш учун буни пайсалга солаверди. Шунда Россия ўртадаги муносабатни яхшилашга қаратилган ташаббуснинг Трамп томонидан бўлишини кутди. Лекин, у президент Трамп йўналишларига қарши Америкада кучли норозилик тўлқини кузатилаётгани учун ўртадаги муносабатларнинг яхшиланиши осон кечмаслигини яхши билар эди. Дарҳақиқат, бундай қаршиликлар таъсирини Россияга қарши очилган тергов ишларида ҳамда Россия билан алоқа қилди, деган гумон билан Трамп командаси аъзоларининг ишдан олинишида кўриш мумкин.

Шундай қилиб, олий даражадаги тўлақонли учрашув ўтказилиши Россия учун катта орзуга айланиб, унинг бу орзуси ушалмай қолаверди. Бу нарса қачонки Америка қарор қилгандагина амалга ошадиган бўлди. (2018 йил 21 июн пайшанба куни АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Гарретт Маркизнинг маълум қилишича, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон жорий ой якунида Москвага сафар қилиб, Америка-Россия саммити ўтказилишини муҳокама қилади). Россиянинг Спутник ахборот агентлиги, 2018 йил 24 июн. Шунга биноан, 2018 йил 16 июлда бўлиб ўтган ушбу саммитдаги энг эътиборли нарса – икки президент учрашувига нима учун Россия эмас, АҚШнинг қарор қилганидир. Шунингдек, Америка бундан нимани кўзлаяпти? Бунинг изоҳи қуйидагича:

1 – Барча далиллар Американинг Россияга нисбатан босимлари давом этишини кўрсатмоқда. Масалан, Америка саммитдан икки кун олдин россиялик разведка зобитларини АҚШ сайловлари пайтидаги киберҳужумларга алоқадорликда айблаб чиқди. (АҚШ адлия вазирлиги 12 нафар рус разведкаси зобитларини 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловлари пайтида Демократлар партиясидаги мулозимларнинг веб сайтларини бузиб кирганликда айблади. АҚШ бош прокурори ёрдамчиси Род Розенштайнга кўра, улар бузиб кирувчи программаларга қўшимча «Фишинг», деб аталувчи маълумот олувчи вирусли программалардан фойдаланишган… Шунга қарамай, Оқ уй Трамп билан Путин ўртасида душанба куни бўлиб ўтадиган учрашув бекор қилинмаслигини маълум қилди). Мисрда чиқадиган Ғод газетаси, 2018 йил 14 июл. Шунингдек, Хельсинкидаги Трамп-Путин учрашуви якунига етиши биланоқ, Америка Вашингтондаги бир рус аёлнинг Россия фойдаси учун жосуслик қилганликда айбланиб қамоққа олинганини билдирган. Бу тўғрида Ал-Жазира канали 2018 йил 16 июлда хабар берди. АҚШ ҳукумати идоралари томонидан амалга оширилган бундай ишлар шуни кўрсатяптики, Россияга нисбатан ўтказилаётган босимлар – унинг ўзи истагандек – енгиллаши кутилмайди. Демак, Американи икки раҳбар ўртасида саммит ўтказишдек Россиянинг эски-янги талабларини қабул қилишга ундаган омиллар бошқа ёқда ва уларни айни саммит ўтказилган вазият-шароитлардан тушуниб олиш мумкин.

2 –Америка-Россия саммити АҚШ ўзининг икки рақибига (Европа Иттифоқи ва Хитойга) қарши савдо уруши бошлаган бир вазиятда ўтказилди. Демак, Америка биратўла шу икки рақибига қарши Россиядан кузир карта сифатида фойдаланиш учун саммитни ўтказишга қарор қилган!

Европа Иттифоқи жиҳатидан оладиган бўлсак, Америка Россия билан бўлган учрашув вақтини Брюсселдаги НАТО давлатлари саммити ортидан ўтказди. Зеро, НАТО давлатлари саммити Америка билан Европа Иттифоқи ўртасида улкан зиддиятлар билан ўтган эди. (Бугун Брюсселда НАТО саммити бошланди. Саммит бир мунча кескинликлар билан ўтиши, хусусан, Вашингтон билан унинг европалик иттифоқчилари ўртасида савдо, мудофаа харажатлари ва Эрон ядровий келишуви борасида зиддиятлар бўлиши тахмин қилинмоқда. НАТО бош секретари Йенс Столтенберг «Иттифоқчилар ўртасида зиддиятлар ва тескари фикрлар» бўлганини эътироф этди). Русиял Явм, 2018 йил 11 июл. АҚШ президенти Трамп Европа Иттифоқини НАТО муносабатлари тарихида биринчи бор очиқчасига «рақиб», деб атади. Шунинг учун НАТО давлатлари саммити ортидан Америка-Россия саммитининг ўтказилиши Америка учун европаликларга нисбатан босим ўтказишнинг энг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилди. Бунинг баёни қуйидагича:

а) АҚШ раҳбари Трамп Украина борасида Россия билан ярашиб олишини айтиб, европаликларга таҳдид қилди. Масалан, Европа кенгаши раиси Дональд Тускнинг айтишича, (АҚШ президенти Дональд Трамп Украинага нисбатан Россия олиб бораётган сиёсат сабаблари унда қизиқиш уйғотганини билдирган ҳамда Украинага нисбатан эҳтирослари анча пасайганини тан олган. Туск Польшанинг TVN24 каналига берган интервьюсида яна бундай қўшимча қилди: «Дональд Трамп мен билан қилган бир неча суҳбатларида Украинага нисбатан ўзининг эҳтирослари анча камайганини, Россиянинг Украинага қарши ишларини ижобий тушунаётганини яширишга уринмади»). Русиял Явм, 2018 йил 15 июл. Айниқса, АҚШ раҳбарининг жорий йил июн ойида бўлиб ўтган «Катта еттилик» (G7) саммити чоғида «Қрим ярим ороли Россияга тегишли. Чунки унинг аксар аҳолиси русийзабондир», деган гапи дард устига чипқон бўлди. Русиял Явм, 2018 йил 15 июл. Бу – Европа учун жуда нозик масала. Чунки европаликлар Россиянинг Украинадаги ишларини Европа хавфсизлигини оёқ ости қилиш, деб ҳисоблаб, бунга йўл қўймаслик керак, деб қарайдилар. Трампнинг ушбу баёнотини ҳам Европа учун ғоят хатарли, деб биладилар. Чунки бу нарса Россиянинг шарқ томондан Европа чегараси ва харитасини бузиши демакдир!!

б) АҚШ раҳбари Трамп Россияни «Катта еттилик» гуруҳига қайта қўшиб олишини айтиб, Европага таҳдид қилди. (АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йил 8 июн жума куни «Катта еттилик»даги ўз ҳамкасбларини Россияни гуруҳга қайта қўшиб олиш тўғрисида ўйлаб кўришга чақирди. Трамп «Катта еттилик» (G7) саммитида иштирок этиш учун Канаданинг Квебек провинциясига йўл олиши олдидан «Улар Россияни қувиб чиқаришганди, энди уни қайтаришларига тўғри келади. Чунки Россия музокаралар столида биз билан бирга ўтириши лозим», деб айтди. Маълумки, Россия Қримни ўзига қўшиб олиши ортидан «Катта саккизлик»дан четлатилиб, гуруҳ фақат етти давлатдан иборат гуруҳга айланган эди). Арабийя нет, 2018 йил 8 июн.

в) НАТО саммитидан сўнг, яъни 2018 йил 15 июл куни Ал-Жазира канали нашр қилган хабарда «Россия билан АҚШ ўртасидаги яқинлашувдан европаликлар хавотирланишмоқда» дейилади. Айни хавотирни мана бу хабар ҳам таъкидлаб турибди: (Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас, АҚШ президенти Дональд Трампни огоҳлантириб, уни Россия президенти Владимир Путин билан учрашганда у билан европалик иттифоқчилари ҳисобига бир томонлама битим тузмасликка чақирди. Маас «Bild» газетасига берган интервьюсида «Трампнинг ўз иттифоқчиларидан айри равишда битим имзолаши Қўшма Штатларнинг ўзига ҳам зарар келтиради. Ким иттифоқчиларига зарба берса, ўйинда ютқазиши турган гап», деди). Русиял Явм, 2018 йил 15 июн. Кейин, Американинг Россияга яқинлашуви Европа Иттифоқига зарар етказади. Чунки бу нарса Россияга Қрим ва Украина сабабли жорий қилинган ва ҳар олти ойда бир янгиланиб турадиган санкцияларнинг фаоллигини йўқотади. Натижада, Россия Европа давлатларини менсимай қўяди.

г) Сиёсий доноликка эга бўлмаган Америка президенти Трамп Европа Иттифоқига очиқдан-очиқ ҳужум қилишда давом этмоқда. Биз 2018 йил 17 июлдаги саволга жавоб нашрамизда айтиб ўтганимиздек, хусусан, Россия гази борасида Германияга нисбатан ҳужумларини тўхтатмаяпти. Гоҳида Европа Иттифоқини «рақиб», яъни душман деб атаса, гоҳида – Британия бош вазираси билан Лондондаги саммит чоғида учрашиб, унга насиҳат қилгани каби – бошқаларни Германияга қарши гижгижлаяпти. (Мэй Би-Би-Сига берган интервьюсида Трампнинг насиҳати тўғрисидаги саволга бундай жавоб берди: «У менга Европа Иттифоқини судга беришим, музокараларга киришмаслигим лозимлигини айтди»). Би-Би-Си, 2018 йил 15 июл. Британия Европа Иттифоқидан чиқишни очиқ айтаётган бўлса-да, бироқ Россияга нисбатан Европа давлатлари билан бир хил фикрда. Америка-Россия саммитини тўхтатиш учун Британия томонидан Россиянинг провокацияга учраган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки (парвозларни кузатишга ихтисослашган «Mil Radar» сайтига кўра, Британия ҳаво кучларига қарашли разведкачи самолёт Қрим ярим ороли соҳиллари яқинида парвоз қилган). Русиял Явм, 2018 йил 15 июн.

Шундай қилиб, Американинг Европага қилган босимлари, Россияни «Катта еттилик» гуруҳига қўшиб олишини айтиб, уларга таҳдид қилиши, Қрим ярим оролини Россиянинг бир қисми, дея тан олишига ишора қилиши, Украина шарқи (Донецк ва Луганск шаҳарлари)даги россияпараст кучлар ҳужумларидан Украинани ҳимоя қилиш масаласига бепарво қараётгани, Россия-Америка саммити орқали Россия билан бўлган муносабатларини яхшилаётгани… буларнинг барчаси – гарчи бевосита бўлмаса-да – Европа учун катта таҳдид ҳисобланади. Америка бу билан ўз талабларига, жумладан НАТОдаги мудофаа харажатларини оширишга қаратилган талабларига Европани бўйсундирмоқчи бўляпти. Яъни Америка Россияга яқинлашиш орқали Европа Иттифоқига босим ўтказди. Унинг Трамп-Путин саммитидан кўзлаган мақсадларидан бири ҳам мана шудир.

3 – Энди, Хитой жиҳатидан оладиган бўлсак, ишлар қуйидагича кетмоқда:

а) Ушбу саммит Америка Пекинга қарши савдо уруши олиб бораётган бир пайтда ўтказилди. Аввалига, Шимолий Корея позициясини юмшатиш ва бу масалани тинч йўл билан ҳал қилишда ҳамда Корея ярим оролидаги уруш хавфини бартараф қилишда Америка Хитой хизматларидан фойдаланиб олди… Бунинг самараси 2018 йил 12 июнда Сингапурда АҚШ билан Шимолий Корея ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги саммитда ўз ифодасини топди. Хитой Америкага кўрсатган бу хизматлари учун ташаккур эшитди… Бироқ, бу ишлар ҳали тугаб-тугамай, Америка Хитойга қарши – Трамп ҳокимиятга келмай туриб маълум қилган – сиёсатини бошлади. У Хитойдан оладиган импорт товарлари учун йилига 50 миллиард доллар қийматида божхона солиғини солди. Хитой ҳам АҚШдан оладиган импорт товарлари учун худди ўшандай қийматда божхона солиғини солиш билан жавоб қайтарди. Шунда Америка Хитойдан оладиган импорт товарлари учун 200 миллиард доллар қийматида навбатдаги божхона солиғини солди. Хитой эса, худди шундай услубда жавоб қайтара олмади. Чунки унинг АҚШдан оладиган импорт товарларининг умумий қиймати 130 миллиард долларни ташкил қилса, унга экспорт қиладиган товарларининг умумий қиймати 500 миллиард долларга тенгдир. Бу нарса Хитойни АҚШга жавоб қайтаришнинг бошқа воситаларини излашга мажбур қилмоқда.

б) Хитойнинг АҚШга жавоб қайтарадиган воситаларидан бири Россия билан яқинлашуви бўлди. Натижада, 2018 йил 10 июн куни Хитойда ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити 2018 йил 9 июн куни Канадада бўлиб ўтган «Катта еттилик» (G7) саммити билан бир вақтда ўтказилди. Биз юқорида Россиянинг ушбу гуруҳдан чиқариб юборилганини айтиб ўтган эдик. Бу икки учрашув оламдаги икки бўлинишни намоён қилди. Чунки Ғарб Канадада йиғилган бўлса, Шарқ Хитойда тўпланди… Бу нарса 1991 йилда Совет Иттифоқи емирилгандан буён халқаро майдонда ҳукмронлик қилиб келаётган Америкага ёқмайди, албатта. У Шанхай Ҳамкорлик ташкилотидаги фаол давлатларнинг бири Хитой, иккинчиси Россия эканини кўриб турибди. (Маълумки, Америка Хитойга қарши савдо урушини очган бўлса, Россияга қарши шафқатсиз ва тўхтовсиз ортиб борадиган санкцияларни жорий қилган). Бундан ташқари Америка бу икки давлатга қарши сиёсат олиб борса, шунингдек халқаро сиёсат ва савдо ишларида уларга душман сифатида муомала қилса, бу нарса уларнинг бир-бирлари билан бўлган муносабатларини янада кучайтириши мумкинлигини тушуниб етди. Шунингдек, Хитой ва Россияга нисбатан олиб бораётган бундай сиёсати бу икки давлатни янада яқинлашишга ҳамда ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга ундаётганини ҳам кўрди. Бошқа томондан, Хитой ва Россия ҳам битта рақибга қарши туришганини, ҳамкорлик қилиш уларнинг қувватини оширишини яхши билади. Зеро, Хитой мудофаа вазири айтган сўзлар буни аниқ ифодалаб турибди. (Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу хитойлик ҳамкасби Вэй Фэнхэни Москвада кутиб олди. Вэй Фэнхэ халқаро хавфсизликка бағишланган Москва конференциясида қатнашиш учун Хитой ҳарбий делегациясига раҳбар сифатида ташриф буюрди. У Шойгу билан учрашар экан, ўзининг ушбу зиёрати «Халқаро хавфсизликка бағишланган Москва конференциясини ташкил қилишда русларни қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилган»ини айтиб ўтди. У шунингдек, «Россия ва Хитой қуролли кучлари ўртасидаги муносабат – айниқса, ҳозирги вазиятда – жуда кучли эканини америкаликлар билиб қўйишлари учун Хитой делегацияси ҳам етиб келган»ини таъкидлади. У яна бундай қўшимча қилди: «Биз сизларни қўллаб-қувватлаш учун келдик. Хитой томони халқаро муҳим масалалар борасидаги ташвиш ва позицияларимиз руслар билан бир хилда эканини ифодалашга тайёр»). Русиял Явм, 2018 йил 3 апрел.

в) Шунинг учун Америка – Россияда АҚШга нисбатан яқинлашув умидини пайдо қилса, бу нарса уни Хитойдан узоқлаштиради, кейинчалик уларнинг бундай заиф иттифоқлари, хусусан, ҳарбий иттифоқлари мустаҳкамланмасдан туриб бузилиб кетади, деб ўйлади. Зеро, Америка Россия қўлида ҳарбий потенциал борлигини, агар бу потенциал ёки унинг бир қисми Хитойнинг ёнига қўйилгудек бўлса, бу нарса Россиянинг кучайишига ва АҚШ сиёсатини қабул қилмай қўйишига, яъни Вашингтон талабларига итоат қилмай қўйишига олиб боришини яхши билади. Вашингтон ўзининг айни режасини амалга ошириш осон, деб ўйлаяпти. Чунки Россия Ғарб билан бўлган муносабатлари ёмонлиги учун – янги стратегик ҳамкор сифатида – Хитойга юзланаётганини, агар унга бироз яқинлашиб, босимларини енгиллаштирса, Хитойга қараб кетаётган йўналишини дарҳол ўзгартиришини биляпти.

Мана шулардан келиб чиқиб, Америка икки президент ўртасида ўтказилган ушбу саммит орқали Россияда ўзаро муносабатлар олдингидек тикланишига нисбатан умид уйғотишни хоҳлади. Буни Россиянинг Хитойга юзланишини тўхтатиш учун қиляпти. Тўғри, Американинг саммитдан кўзлаган мақсадлари амалга ошади деб ҳукм чиқаришга ҳали эрта. Вашингтон билан Москва ўртасини яқинлаштириш учун ҳали кўп қадамлар ташланиши лозим. Бироқ шундай бўлса-да, Америка Россия билан Хитой ўртасидаги ҳатто ҳозиргача мўрт ва ноаниқ бўлиб келган иттифоқни осонгина парчалаб юбора олади. Шунинг учун Америка бу йўлда турли қадамларни ташлади. Гоҳида айни саммит орқали Россия томонга қадам ташлаган бўлса, гоҳида эса, Хитой томонга. Зеро, Пекин Америкадан кўрадиган савдо манфаатларини Россия билан ўрнатилган ҳар қандай муносабатлардан устун кўради.

4 – Трамп Европа Иттифоқи ва Хитойга йўллаган номалари кўпроқ таъсир ўтказиши учун саммитни очиқ учрашувга айлантирди. Токи, қачон керак бўлиб қолганда бу саммитни қайта ишга тушира олсин, яъни у келаси қадамлар учун очқич бўлсин! Шу боис, Хельсинкида Путин билан ёпиқ суҳбат қилганидан сўнг, Трамп очиқчасига – бу саммитимиз, «яхшиликнинг бошланиши»дир, деди. Русиял Явм, 2018 йил 16 июл. Шунингдек, у Русиял Явм канали тўғридан-тўғри эфирга узатган ўзининг матбуот конференциясида маълум қилишича, улар икки мамлакат ўртасида 2010 йили имзоланган ва амал қилиш муддати 2021 йили якунига етадиган ядровий қуролсизланиш конвенциясининг амал қилиш муддатини узайтиришга келишиб олишган. АҚШ президенти Трамп – бундан тўрт соат аввал Россия билан бўлган муносабатлар жуда ёмон ҳолатда бўлганини, аммо ҳозир тамоман ўзгарганини, айтди. Бу Жон Болтоннинг мана бу гапи билан уйғун келадиган умумий гапдир: (Миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон Оқ уйда «АВС» тармоғининг «Бу ҳафта» дастурига берган интервьюсида «Биз руслардан йиғиннинг очиқ бўлишини талаб қилдик, улар рози бўлишди. Лекин, ундан реал натижаларни кутмаяпмиз», деди. АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Хантсман «NBC» тармоғига берган интервьюсида «Бу саммит эмас… Бу учрашувдир… Агар имкон топа олсак, вазиятни юмшатишга – очиқ айтадиган бўсак – муносабатлардаги кескинлик ва хавф-хатарларни енгиллатишга бўлган уринишдир», деди). Рейтер, 2018 йил 16 июл.

5 – Бу шуни англатадики, Америка Россия билан бўлган муносабатларини яхшилашни режалаштираётгани йўқ, у ҳамон унга босим қилиш сиёсати бўйича кетмоқда. Бироқ, халқаро вазиятга ҳамда Европа Иттифоқи ва Хитой билан кечаётган савдо урушига боғлиқ сабабларни ҳисобга олиб, Америка Россияга яқинлашиш орқали Европани қўрқитиб қўйишни лозим, деб топди. Шунингдек, Россияда халқаро узлатдан чиқиш ва АҚШ билан муносабатларни яхшилаш умидини пайдо қилмоқчи бўляпти. Америка бу билан Россияни Хитойдан узоқлаштиришни кўзлаган бўлса, бошқа томондан, Россиянинг – худди Сурияда Америкага малай режимни ҳокимиятда сақлаб қолиш билан АҚШ сиёсатини қўллаб-қувватлагани каби – бошқа халқаро масалаларда ҳам АҚШ талабларига рози бўлишини истамоқда! Шунга кўра, ушбу саммит муайян халқаро масалани ҳал этиш мақсадида ўтказилмади. Балки у Хитой ва Европа Иттифоқига йўлланган бир қайноқ номадир. Бундан бошқа масалаларда эса, умумий гаплар бўлди. Ҳар икки томондан берилган баёнотлар ҳам буни тасдиқлаб турибди: (Трамп Путин билан бўладиган суҳбати «савдо-сотиқдан тортиб, ҳарбий ишлар ва ракеталаргача барча нарсаларни», шунингдек Хитой билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олишини айтиб ўтди. У «Бир оз Хитой ҳақида ҳамда муштарак дўстимиз Хитой раҳбари Си ҳақида гаплашамиз», деди. (Россия президенти Владимир Путин саммит бошланишида АҚШ президенти Доналд Трампга Москва билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбатлашиш вақти келганини айтди. Сўнг халқаро чигал, серқирра масалаларни муҳокама қилишлари лозимлигини қўшимча қилди). Рейтер, 2018 йил 16 июл. Шунингдек, Лавровнинг айтган гаплари ҳам юқоридаги гапни тасдиқлаб турибди. (Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Хельсинки саммитида биз «Барча чигал мавзуларга тўхталиб ўтамиз. Унда позицияларимиз аён бўлади. Шу орқали айни муаммоларни ҳал этиш йўллари билан боғлиқ қарашларимизни яқинлаштириб оламиз», деди. У келишувга эришишни эҳтимолдан узоқ, деб ҳисоблади). Ал-Жазира, 2018 йил 16 июл. Булардан кўриниб турибдики, икки раҳбар ўртасида бўлиб ўтган саммитдан муайян халқаро масалаларни узил-кесил ҳал қилиш мақсад қилинмаган. Буни айрим ахборот воситаларда тарқатилган саммитнинг якуний хулосалари ҳам айтиб турибди. Мисол учун, ҳар икки томон ҳам яҳуд вужуди хавфсизлиги масаласида бир хил фикрда. (Трамп бундай деди: «(Исроил) хавфсизлигини таъминлаш, мен ҳам, Путин ҳам юқори даражада зарур, деб билган масаладир»). Рейтер, 2018 йил 16 июл. Шунингдек, ҳар икки томон ҳам Суриядан унинг кучларини 1974 йилги жанубдаги жанглар тугаши ортидан тузилган келишув асосида жойлаштиришни талаб қилишди. Буларнинг ҳеч бири янгилик эмас. Чунки бу нарсани Америка билан Россия анчадан бери барчанинг кўз ўнгида айтиб келади. Шунинг учун Америка ва Россия президентлари учрашувининг сабаби бу эмас. Ядровий қуролсизланиш масаласи ҳам учрашувга сабаб бўла олмайди. (АҚШ раҳбари Дональд Трамп ядровий қуролсизланиш муаммосини Россия ва АҚШ томонлари ўртасида ҳал этилиши лозим бўлган асосий муаммо, деб билади. Трамп «Фокс Ньюс» телеканалига берган интервьюсида дунёдаги ядровий қуролларнинг 90 %и Қўшма Штатлар билан Россияда эканини таъкидлади. Унга кўра, ўтмишдоши Барак Обама глобал исиш ва иссиқлик даражаси кўтарилишини ҳал этилиши лозим бўлган асосий муаммо, деб ҳисоблаган). Русиял Явм, 2018 йил 17 июл. Ҳар қандай ақлирасо, фаҳм-фаросатли киши яхши биладики, АҚШ ва Россия, қанча кўп гапирмасин, ядровий қуролларидан ўз ихтиёрлари билан воз кечиш мақсадида учрашув ўтказмайдилар. Бундан ташқари, айни учрашувларидан кўзланган мақсад бу эмас.

6 – Энди, саммитнинг Сурия майдонига таъсир қилиши масаласига келсак, унда ҳар икки давлатнинг Суриядаги сиёсатлари борасида бирорта ҳам янгилик бўлмади. Зеро, АҚШ ҳам, Россия ҳам Сурия қўзғолонига барҳам беришга келишиб олишган. Иккаласи ҳам бу ишнинг амалга ошишини кузатиб бормоқда. Қолаверса, 2015 йил 29 сентябрда Обама билан Путин учрашгандан буён Россия Сурияда АҚШ сиёсатини амалга ошириб, у билан келишган ҳолда иш юритиб келяпти. Мисол учун, Россия Даръа ва бошқа ерларни бомбардимон қилиб, бевосита ҳарбий амалиёт олиб бораётган бир пайтда, Америка бу ишда унга ёрдам беряпти. Бунга Американинг Сурия жанубидаги мухолафатга юборган мактубини мисол қилиш мумкин. Унда «Даръага қилинаётган ҳужумлар қаршисида Америка ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаслиги» айтилган. Демак, Сурия қўзғолонига барҳам бериш учун Россия олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлар ва Американинг бунга қулайлик яратиб бериши борасида бирор янгилик бўлгани йўқ.

Энди, Сурия масаласидаги сиёсий ечимга келсак, Америка бу нарсани то Дамашқ режими ва Россия томонидан қуролли мухолафат йўқ қилингунга қадар кечиктиряпти. Шундан кейин, Америка Суриядаги кенг қамровли сиёсий амалиётга ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда киришади. Буни Россияга белгиланган роль билан ёки унинг иштирокисиз амалга оширадими бунинг аҳамияти йўқ. Энди, саммитда айни сиёсий амалиётнинг муҳокама қилинмагани Америка сиёсий ечимни кечиктиришни хоҳлаётганини ёки унда Россия ролининг бўлишини истамаётганини ёки ҳар иккиси ҳам бўлиши мумкинлигини англатади. Американинг Суриядаги сиёсий мақсадлари бу борада Россиянинг шерик бўлишига йўл қўймайди. Ўз навбатида Россия ҳам буни тушунган кўринади. Бироқ у Украина, хусусан, Қрим масаласида Америка ўтказаётган босимларнинг тўхташидан, умидвор. Дарҳақиқат, юқорида айтиб ўтганимиздек, Трамп «Катта еттилик» (G7) саммити чоғида Қрим билан боғлиқ қалтис баёнотлари билан Россия туйғуларини қитиқлаб қўйди. (Ахборот воситалари Трампнинг «Катта еттилик» (G7) саммити чоғида «Қрим ярим ороли Россияга тегишли. Чунки унинг аксар аҳолиси русийзабондир», деган гапларини тарқатди. Русиял Явм, 2018 йил 15 июл. Бу нарса Европа учун ғоят хатарлидир. Чунки у Россияга шарқ томондан Европа чегараси ва харитасини бузяпти, деб қарайди. Афтидан, Россия Трампнинг мана шундай баёнотлари билан ўзининг ёвуз қилмишлари қопқонига тушадиган кўринади. Балки, тушиб бўлди, ҳам. Чунки у АҚШ манфаатлари учун мусулмонларга қарши шунча жиноятлари билан уларнинг олдида ўз башараси қорайтириб бўлди!

Мусулмонлар Америка, Россия ҳамда уларга малай ва тарафдор бўлган кимсаларнинг жиноятларини ҳеч қачон унутмайдилар. Замон айланиб туради ва бу жиноятлар ҳеч қачон жавобсиз қолмайди.

﴿سَيُصِيبُ الَّذِينَ أَجْرَمُوا صَغَارٌ عِنْدَ اللهِ وَعَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا كَانُوا يَمْكُرُونَ﴾

«Яқинда бундай жинояткорларга қилиб ўтган ҳийла-найранглари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир»   [Анъом 124]

8 зул-қаъда 1439ҳ

21 июл 2018м

Total Views: 384 ,

Добавить комментарий

Эрдўған фуқароларни «ёстиқлари остидаги» долларларни лирага алмаштиришга чақирди

Эрдўған фуқароларни "ёстиқлари остидаги" долларларни лирага алмаштиришга чақирди Туркия миллий...

Закрыть