Нефть нархлари, Малайзия ва Арманистон сайловлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Нефть нархлари, Малайзия ва Арманистон сайловлари

Биринчи савол: 2018 йил 24 майда нефть нархлари эътиборни тортадиган даражада кўтарилиб кетди. Яъни, бир баррель брент хом нефтининг баҳоси 79 долларга ва бир баррель техас хом нефтининг баҳоси 71 долларга кўтарилди. Нефть нархларининг бундай кўтарилиши 2014 йилда биз гувоҳ бўлган нефть нархлари пасайишидан кейин юз бермоқда. Бу ҳолат – дунё нефть нархлари кўтарилишининг янги даврига кирганини англатадими? Илгари бир баррель нефть баҳоси тақрибан 150 долларга етган эди. Бизни яна нефтнинг ўша илгарги кўтарилиши кутиб турибдими? Бунинг сабаблари нима?

Жавоб: Нефть ҳар қандай бошқа товар каби талаб ва таклифдан таъсирланади. Шундай бўлса-да, бошқа товарларнинг акси ўлароқ, нефть нархларининг барқарорлиги жуда ҳам нодир ҳолатдир. Яъни, талаб ёки таклифдаги ҳар қандай ўзгариш нефть нархига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Бу нарса нефть бозорининг табиатига боғлиқдир… Бундан ташқари нефть бозоридаги, хусусан сиёсий тартибсизликлар юз берган пайтдаги чайқовчиликлар ҳам бозор беқарорлигига таъсир қилади. Буни тушунтириш учун қуйидагиларни баён қиламиз:

1 – Таклифга нисбатан:

а)   ОПЕКка аъзо ва аъзо бўлмаган давлатлар бозорга нефть етказиб беришни чегаралашга (қисқартиришга) келишишган. Россия ва ОПЕК давлатлари ўртасида 2016 йил якунида бўлиб ўтган келишувда бир кунда ишлаб чиқарилаётган миқдордан 1.8 миллион баррель озроқ ишлаб чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу қарор нефтнинг бозордаги таклифдан ортиқча миқдорда ишлаб чиқарилишини бартараф қилиш ҳамда нефть нархини ошириш учун чиқарилган. Global Standard Standard & Poor's Global Plats муассасаси ўтказган тадқиқотда билдирилишича, апрел ойида ОПЕК давлатларининг хом нефть ишлаб чиқариши пасайган. Хом нефть ишлаб чиқарилиши кетма-кет уч ойда бир йил ичидаги пасайишнинг энг қуйи даражасига тушган. Чунки ўтган ойда кунига 32 миллион баррель нефть ишлаб чиқарилган. Яъни кунига ишлаб чиқарилган нефть март ойидагидан кўра 140.000 баррелга оздир. Бугун бир кунда ишлаб чиқарилган нефть миқдори 32.73 миллион баррелга тенг. Яъни, кунига ОПЕК ташкилоти белгилаган миқдордан тахминан 730 минг баррель кам нефть ишлаб чиқариляпти. ОПЕК ташкилоти белгилаган келишув бир йил давом этади. Агар ҳозирги шароит давом этадиган бўлса, кучлироқ эҳтимолга кўра, хом нефть нархи бундан ҳам кўпроқ кўтарилади. Aspects компаниясининг тадқиқотлар директорлиги лавозимида узоқ муддат ишлаб келган Мэтью Барри бундай дейди: «Биз юз беришига гувоҳ бўлган ва келажакда ҳам такрор юз берадиган нарса шуки, таклиф муаммолари ёки таҳдидлар нархларга янада кўпроқ ва аниқроқ таъсир қила бошлайди». https://www.marketwatch.com.

б) Венесуэладаги сиёсий ва иқтисодий вазият мамлакатнинг ишлаб чиқариш мақсадларига эришишдаги қобилиятига қаттиқ таъсир қилди. Чунки юрт 2018 йил апрел ойида бир кунда 1.41 миллион баррель нефть ишлаб чиқарди. Бу эса, 2018 йилнинг март ойидан ҳисоблаганда бир кунда ишлаб чиқарилган нефть миқдори 80,000 баррелга ва 2017 йилга нисбатан олиб қараганда 540,000 баррелга оздир. Нефть ишлаб чиқариш пасайиб кетишининг асосий сабаби Венесуэла давлатининг сиёсатидир. Чунки нефть ишлаб чиқарувчи PDVSA компаниясида бошқарув яхши эмас. Ўтган ойда ConocoPhilips компанияси PDVSA компаниясига қарши суд ишида ютиб чиқди. Бу компания Венесуэладаги иккита нефть лойиҳаси мусодара қилиниши сабабли икки миллиард долларга эга бўлди ва PDVSA компанияси 2.5 миллиард долларга тенг қарзларини тўлай олмай қолди… Буларнинг барчаси Венесуэла ҳукумати компаниясининг нефть ишлаб чиқаришига таъсир қилиб, ишлаб чиқариш тушиб кетди ва бу нефть етказиб бериш пасайишига ҳам ҳисса қўшди. Кейин, нефть етказиб бериш пасайиб кетгани учун нархлар кўтарилди.

в) Президент Трампнинг ядровий келишувдан чиқишни эълон қилиши Эрон нефть саноатига яна санкциялар жорий қилинишига йўл очиб берди ва бундай санкциялар тизими биринчи марта 2012 йили Обама маъмурияти даврида жорий қилинган эди. Назарий томондан Эрон нефть ишлаб чиқариши 20 %га ёки бир кунда ишлаб чиқарилаётган нефть 500.000 баррелдан 400.000 баррелга пастлаб кетиши мумкин. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳозирги нархда бир ойда тахминан бир миллиард долларга тўғри келиб қолади. (http://foreignpolicy.com). Айни пайтда Қўшма Штатлар Эронга қарши кўриладиган чораларни маълум қилмаган. Бироқ, Эроннинг нефть саноатига қаратилган санкциялар жорий қилиниши олдиндан башорат қилинмоқда.

Кўрилган ушбу учта чора нефть етказиб беришнинг тушиб кетишига ўз ҳиссасини қўшди ва бунинг натижасида нархлар кўтарилиши кузатилди.

2 – Талабга нисбатан:

в) Айни пайтда нефтга бўлган талаб ортмоқда. Халқаро энергетика агентлигига кўра, бутун дунёнинг нефтга бўлган талаби ортган. Яъни, 2017 йили бир кунда 97.8 миллион баррель нефтга бўлган талаб бу йили 99.3 миллион баррелга кўтарилган. Халқаро Валюта Фонди дунё иқтисодининг шу йилги ва келгуси йилги ўсишига ўз баҳосини берганидан кейин қароргоҳи Парижда жойлашган Халқаро энергетика агентлиги 2018 йили нефтга бўлган талабнинг бир кунда 1.3 миллион баррелдан 1.4 миллион баррелга ўсишини башорат қилди. Халқаро энергетика агентлиги ўзининг бозор ҳақидаги ойлик ҳисоботида 2017 йили нефтга бўлган талаб бир кунда 1.6 миллион баррелга ўсганини айтиб чиқди. ( https://www.reuters.com).

б) Нефтга бўлган талаб ошишининг яна бир ўрни Хитой. Чунки, 2018 йил апрел ойида Хитойнинг бир кунда 9 миллион баррелдан кўп хом нефть истеъмол қилиши кутилмоқда. Яъни, бу ўтган ҳар қандай вақтдагига нисбатан кўп бўлиб, дунё истеъмолининг қарийб 10 %га тенг ва Осиёдаги ялпи талабнинг учдан биридан кўпдир. Агар бир баррель хом нефть нархи 75 долларга етса, бу Хитойнинг импортга сарфлаган харажати 20 миллиард доллардан кўп эканини англатади. Сақланиш мавсумига, яъни, одатда йилнинг бундай вақтида импорт тушиб кетадиган мавсумига қарамасдан, мана шундай рекорд талаб бўлмоқда. Кўриниб турибдики, Хитойнинг нефтга бўлган талаби кутилганидан кўра кўпроқдир. Goldman Sachs банки ўз мижозларига берган эслатмасида айтади: «Хитой талабининг кучли ўсиши кўринмоқда ва бу ҳозирги меъёрдан (тахминдан) ҳам юқори бўлиши мумкин». https://www.reuters.com.

Юқорида айтилганларга биноан кўриниб турибдики, талабда ўсиш бўлмоқда ва бу нархларнинг кўтарилишига олиб келади.

3 – Чайқовчилик: Нефть етказиб бериш ва унга бўлган талабда тез ўзгаришлар юз берган пайтда, бундан ташқари аниқ белгилаш қийин бўлган бозор муносабати-позициясига қараб, чайқовчилик фаоллашади. Шундай қилиб, қачон нефть нархида катта кўтарилиш ёки пасайиш кузатилса, ўшанда чайқовчилик аниқ кўриниб қолади. Нефть бозоридаги катта хедж-фондлар улкан нефть шартномаларини сотиб олиш ёки таклиф қилиш орқали катта рол ўйнайди. Шунга кўра, чайқовчиликларни ҳар икки тарафи ҳам кескир бўлган қилич дейиш мумкин. Чунки гоҳида у талабнинг ортишига таъсир қилиши ва бунинг ортидан нархлар кўтарилиши мумкин. Гоҳида эса, талабнинг пасайишига таъсир қилиб, нархлар тушиб кетиши мумкин… Ҳар ҳолда, нархларнинг ҳозирги кўтарилишида чайқовчиликларнинг таъсири кучли бўлмайди, балки юқорида баён қилганимиздек нархлар кўтарилишида асосий ролни талаб ва таклиф ўйнайди.

4 – Нефть нархларининг олдингидек 150 долларга ёки шунга яқин рақамга кўтарилиши эҳтимолдан узоқдир. Чунки глобал иқтисодий вазият буни кўтара олмайди. Шунга кўра, нефть нархларининг аста секин кўтарилиб бориши, аммо юзга етмай тўхташи кутилади… Айниқса, Қўшмат Штатлар билан Хитой ўртасида бўлажак савдо уруши талабнинг пасайишига ва бунинг ортидан осонликча нефть нархларининг тушиб кетишига олиб келади. Бундан ташқари, нефть нархларининг кўтарилиши Америка истамаган даражага етса, у Саудия орқали ОПЕК давлатларига босим ўтказади. Саудиянинг нефть ишлаб чиқаришни ошириши нархларга таъсир қилиб нархлар тушади.

===============

Иккинчи савол: 2018 йил 9 майда Малайзияда сайлов бўлиб ўтди. Сайлов натижасида Нажиб бош вазирликдан тушди ва бош вазирликка Маҳатҳир Муҳаммад қайтди. Маълумки, унинг ёши тўқсондан ошган. Гўёки бу ерда ушбу сайловлар ортида муайян режа борга ўхшайди. Бу ерда ташқи омиллар борми ёки айтилаётганидек, бу маҳаллий демократик ўйинми?

Жавоб:

1 – Малайзия – Малакка ярим оролининг жанубий қисмини ва Калимантан оролининг шимолий қисмини ўз ичига олади. Бу ороллар ўртасини жанубий Хитой денгизининг кенг масофаси ажратиб туради. Бу минтақада милодий 13-асрда мусулмон савдогарлар орқали Ислом ёйила бошлади. У ерда Ислом оддий одамлар ўртасида ёйилишидан олдин аввал ҳукмдорлар ва элита вакиллари Исломни қабул қилди. Мўғул босқини сабабли қуруқлик савдо йўли узилиб қолганидан кейин – денгиз савдо йўлини кучайтиргани сабабли – Малай оролида жойлашган Малка султонлигининг обрўси ортди. Милодий 15-асрда Султонлик Хитой нуфузидан мустақилликка эришди ва тезда Исломни қабул қилди. Ушбу султонлик қувватга ва обрўга эга бўлганлиги сабабли минтақанинг ҳар тарафида Ислом тез тарқалди. Бироқ, 1511 йили ушбу минтақа Португалия мустамлакачилари томонидан босиб олинди. Чунки, пора эвазига португалларга сотилган шахс қалъа ичкарисидан уларга қалъа дарвозасини очиб берган эди. Кейин 1641 йили голландияликлар келди. Британия ушбу ярим оролдаги мустамлакачиликни 1786 йили бошлади. Мустамлакачиликни у савдо шартномаларини тузиш ва портларни ижарага олиш орқали, шунингдек, ўзининг британ стратегияси орқали амалга оширди. Унинг британ стратегияси аҳолининг турли ирқдан ташкил топганидан фойдаланиб, уларни амалий ҳукмдорларга айлантириш, шу билан бирга, сақланиб қолган султонларни рамзий ҳукмдорлар сифатида ушлаб туришдан иборат бўлди. Ушбу ярим оролдаги Малакка иттифоқи 1957 йили британияликлардан расман мустақилликка эришди. Малакка иттифоқи Калимантан ярим ороли ва Сингапур билан бирлашганидан кейин 1963 йили Малайзия давлати ташкил топди. Бироқ, 1965 йили Малайзия парламентида овоз бериш йўли билан Сингапур Малайзиядан ажралиб чиқди.

2 – Шуниси аниқки, ҳатто мустақилликдан кейин ҳам Малайзияда Британиянинг сиёсий ҳукмронлиги давом этмоқда. Масалан:

а) Малайзия «Британия ҳамкорлиги»га ва «Қўшилмаслик» ҳаракатига аъзо бўлди. У бу ҳаракатга 2003 йили қўшилди. Шунингдек у Жанубий Шарқий Осиё халқлари робитаси ва Исломий конференция ташкилотида таъсисчи аъзодир. Бош вазир Тонко Абдурраҳмон ташкилотнинг биринчи бош котибидир.

б) Британия Шарқий Сувайшдан (Сингапурдаги ҳарбий базасидан) чиқиб кетганидан кейин 1971 йили Бирлашган Қироллик, Австралия, Янги Зеландия, Малайзия ва Сингапур давлатлари ўртасида беш томонлама мудофаа келишуви имзоланди. Шуни кўрсатиб ўтиш ўринлики, 1971 йили Австралия либерал партия томонидан бошқарилар эди. Бу партия йигирманчи асрда британияликларга содиқ бўлган.

в) Бош вазир Маҳатҳир Муҳаммад Америкага содиқ бўлган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (APEC)нинг тузилишига қарши чиққан. Бу ташкилотни тузиш ишларини 1989 йили Америкага садоқатли «ишчилар (лейбористлар) партияси» раҳбари Роберт Хоук етакчилигида Австралия бошлаган эди. 1993 йили Қўшма Штатларнинг Сиэтл шаҳрида бўлиб ўтган APEC ташкилоти саммитига Маҳатҳир келмагани учун лейбористлар партияси етакчиси бўлган Хоук ва бош вазир Пол Китинг уни «исёнкор» деб аташган.

г) Маҳатҳир Муҳаммад 1997 йили APEC ташкилотига альтернатив сифатида Америка ва Австралия истисно қилинган Шарқий Осиё иқтисодий жамиятини тузишни таклиф қилди. Лекин бу ғоя муваффақиятсизликка учради ва кейинчалик у Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ҳамкорлик саммитига ўзгартирилди. Бу саммит Австралияни ҳам ўз ичига олди. Бироқ у Британияга содиқ бош вазир Жон Говард бошчилигида бўлди. Шу билан бирга бу бирлашмадан Америка четлатилди. Америка билан Россия 2011 йилдагина бу бирлашмага қўшила олди.

3 – Британия Американинг собиқ бош вазир Нажиб Раззоққа хушторлик қилаётганини сезди ва у Малайзиянинг Британияга содиқ бўлган собиқ ҳукумат бош вазири бўлишига қарамай, унинг Америка томонга бурилиб кетишидан қўрқди. Нажиб Раззоқ мустақилликдан буён Малайзияни бошқариб келаётган эди. Британия хавотирининг айрим белгилари қуйидагилар:

а) Барак Обама 2014 йил апрел ойида Малайзияга сафар қилди ва у тахминан 50 йилдан буён Малайзияга сафар қилган биринчи Америка президенти бўлди. Обама Малайзия-Америка муносабатларини «ҳар томонлама ҳамкорлик» даражасига кўтаришга қарор қилди ва бу Обама қабул қилган «Осиё меҳвари» сиёсатининг бир қисми эди.

б) Нажиб ва Обама 2014 йил декабр ойида Гавайяда дўстлар сифатида бирга «гольф» ўйнашди… Обама 2015 йил ноябр ойида Малайзияга иккинчи марта сафар қилди.

в) Нажиб Америка ташаббуси бўлган Тинч Океани Ҳамкорлик иттифоқи (ТРР) тузиш ташаббусини қаттиқ қўллаб-қувватлади ва унда Американинг ҳам иштирок этишини зўр бериб талаб қилди. Америка Трамп даврида ТРРдан чиқиб кетди, шунда Нажиб савдо нуқталари дастурини давом эттириш учун Япония билан бирга ишлади. (Қўшма Штатларнинг чиқиб кетиши ортидан бузилишга яқин қолган ТРРда 11 нафар давлат қайта тикланди ва бунда Вьетнам ва Малайзия асосий роль ўйнади. Зеро, Қўшма Штатлар чиқиб кетганидан кейин ТРР деярли қулашга келиб қолган эди). (https://asia.nikkei.com/Economy/Vietnam-and-Malaysia-play-vital-roles-in-making-TPP- 11-).

4 – 2018 йилги сайловлар яқинлашиши билан афтидан Британия ҳокимиятга қайтиш учун мухолафат платформасидан фойдаланаётган ўзининг эски хизматчиси ва мухлисига яна қайта юзланаётган кўринади. Аслида ҳам бу шундай бўлди… Айни пайтда Малайзиянинг Британия сиёсатига мувофиқ Америка сиёсатидан узоқлашиши ва Американинг минтақадаги аралашувига чек қўйиш учун қайта иш бошлаши кутилмоқда.

================

Учинчи савол: Арманистонда Россияга содиқ ҳукуматга қарши уч ҳафтадан буён давом этиб келаётган намойишлар саҳифасини ёпиш учун Арманистон парламенти 2018 йил 8 майда мухолафатчи Никол Пашинянни бир овоздан бош вазир этиб сайлади. Савол шуки, Арманистондаги бундай сиёсий ўзгариш кўлами қай даражада? Бу Россиянинг Арманистондаги нуфузи барҳам топишини англатадими? Бу масалада Ғарбнинг, яъни Америка ва Европанинг роли борми?

Жавоб: Бу ишларни тушунтириш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

1 – Арманистон аҳолиси тўрт миллион бўлган кичик давлат. У Совет Иттифоқининг парчаланиши тўлқинида мустақилликка эришган. Республикачи партия Арманистонни 1999 йилдан буён бошқариб келади. Партия раиси норозиликлар натижасида ишдан олинди. Бу партиянинг ҳозирги раиси президент Серж Саргсян тўлиқ икки муддат президент бўлди. Парламентда вакилликка эга бўлган мухолафатчи партиялар бор бўлишига қарамай, унинг бошқаруви диктатор ва Россияга малай сифатида кенг миқёсда танилган. Юрт конституциясида икки муддат президент бўлишга йўл берилмайди. Серж Саргсян ҳокимиятда қолиш учун конституцияга ўзгартиш киритди, ўзгартиш бўйича президентлик мансаби фахрий мансабга айланди ва амалий ҳокимиятни эса, бош вазир бошқарадиган бўлди. У президентлигининг иккинчи муддати тугаши биланоқ бош вазир бўлди. (Серж Саргсян бошқарувдаги чангалини мустаҳкамлаш учун қадам ташлади. Чунки унинг ҳокимиятда қолишига қарши Ереванда минглаган киши намойишга чиқишига қарамасдан, Арманистон парламенти собиқ президент Серж Саргсянни бош вазир қилиб сайлади. Парламент «63 ёшли» Саргсяннинг янги мансабни эгаллашига рози бўлди. Ўтган ҳафта охирида Саргсян президентлигининг иккинчи муддати якунига етганидан кейин бош вазирликка уни қўллаб 77та овоз берилган бўлса, 17та қарши овоз берилди… Наҳор 2018 йил 17 апрел). Саргсяннинг бош вазирликка тайинланишига қарши халқ норозиликлари аланга олди. Чунки, Саргсян президент бўлган давр арманлар бошдан кечирган иқтисодий қийинчиликлар ва уларга имкониятлар берилмагани билан ажралиб туради. Бунинг биринчи сабабчиси ҳукумат коррупциясидир. Бундан ташқари юртда нефт, газ ва хом-ашё каби табиий ресурслар етишмайди. Мухолафатчи «ЕЛК» партияси бутун эътиборини шу ишларга қаратди. Кейин Арманистонда норозиликлар аланга олди. Бу норозилик намойишлари мухолафатчи Никол Пашинян шахсида гавдаланган янги «халқ етакчисини» тезда майдонга олиб чиқди.

2 – Норозилик намойишларига асосан Саргсян даврида иқтисодий вазиятнинг издан чиқиши туртки бўлди. Поссовет давлатлари қатори, Арманистондаги ҳокимият ҳам маъмурий ва молиявий коррупция ботқоғига ботган бўлиб, ҳукумат органидаги порахўрлик шу даражада авж олганки, одамлар ундан тўйиб кетган. Ҳаёт қийинчиликлари сабабли халқ ҳокимиятдан жуда норози. Одамлар Саргсян президентлигининг иккинчи муддати тугашини кутиб кун санаб турган бир пайтда, тўсатдан у бош вазирлик мансабига келиб қолди. Сўнг одамлар унинг бошқарувига қарши қўзғалди. Ишлар унинг истеъфоси ва мухолафатчи Пашиняннинг бош вазирлик мансабига келиши билан якун топди. Иқтисодий масала ва шу билан бирга демократияга алоқадор масалалар долзарб бўлгани сабабли янги бош вазир Пашинян ҳукуматни ташкил қилганидан кейин парламент сайловлари ўтказилиши зарурлигини ва унинг ҳукумати («турли соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни» ўтказишга киришиши лозимлигини таъкидлади. Пашинян олдинроқ «Арманистонни демократлаштириш», қонун устуворлигини кучайтириш, хусусий иқтисодий манфаатларни ҳукуматдан ажратиш ва инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга ваъда берди). Арманистон, 2018 йил 14 апрел.

Мана шулардан Арманистондаги сиёсий ўзгаришлар авваламбор маҳаллий омиллар туфайли бўлгани ойдинлашади.

3 –Реакциялар:

а) Америка намойишлар пайтида Арманистондаги вазиятни яқиндан кузатаётганини эълон қилди. Кўриниб турибдики, у Арманистонда ўз нуфузини кенгайтириш имкониятларини ўрганмоқда. Пашинян бош вазирликка тайинланганидан кейин (АҚШ ташқи ишлар вазирлиги матбуот воизи Хизер Нойерт сешанба куни берган баёнотида «Қўшма Штатлар Арманистоннинг янги бош вазири Никол Пашинянни бош вазирликка сайлангани билан табриклайди» деди. У яна «Биз икки юрт ўртасида муштарак аҳамиятга эга бўлган турли соҳаларда, шу жумладан савдо-сотиқни кенгайтириш, демократия ва қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш устида ишлашни ҳамда халқаро ва регионал хавфсизликни ҳимоя қилиш соҳаларида янги ҳукумат ва Арманистон халқи билан яқиндан иш бошлашни интизорлик билан кутяпмиз» дея қўшимча қилди). Арманистон хабарлари веб-сайти, 2018 йил 9 май.

б) Европага келсак, (Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Федерика Могерини Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали суҳбатлашди. Европа Иттифоқи чиқарган матбуот баёнотида Могерини Пашинянни имкон бўлган энг яқин муддат ичида Брюсселга ташриф буюришга чақирди. Матбуот баёнотида жумладан шундай келади: «Европа Иттифоқининг олий вакили, Европа комиссияси раисининг ноиби Федерика Могерини кеча тушдан кейин Никол Пашинян билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни Арманистоннинг янги бош вазири бўлиб сайлангани билан табриклади. У Европа Иттифоқи билан Арманистон ўртасида ҳамкорлик муҳимлигини урғулаб, Пашинян билан шахсан учрашишга муштоқлигини билдирди. Олий вакил бош вазирни имкон бўлган энг яқин муддат ичида Брюсселга ташриф буюришга чақирди). ARMENPRESS, 2018 йил 9 май.

в) Россияга келсак, Пашинян 2018 йил 8 майда парламентда бош вазирликка сайланганидан кейин (Россия президенти Владимир Путин унга табрик телеграммасини йўллади. У ўз телеграммасида Пашиняннинг иши Россия ва Арманистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини, шунингдек Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳамда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти доирасида икки юрт ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришини билдирди… Пашинян бундан олдинроқ ўз юрти билан Россия ўртасидаги ҳарбий ва стратегик ҳамкорлик Арманистон давлати хавфсизлиги асоси ҳисобланишини билдирган эди. У парламентдаги махсус йиғинда Россия билан стратегик ҳамкорлик муносабатлари Арманистоннинг бирламчи масаласи бўлиб қолажагини қўшимча қилди. Пашинян ўз юрти Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқмаслигини айтди. Маълумки, бу иттифоқ Россия, Қозоғистон, Белорусия, Арманистон ва Қирғизистонни ўз ичига олади). Русиял Явм, 2018 йил 8 май.

Россиянинг Арманистондаги хавотирларига чек қўйиш учун (Пашинян бундай деди: «Арманистонда бошланган сиёсий жараён ўз моҳияти ва шаклида геополитик мазмунга эга эмас». У «Биз ўз ҳаракатимизда Қўшма Штатлар ёки Европа манфаатларига таянмаймиз, балки Арманистон ва унинг халқи манфаатларига таянамиз» деб билдирди. Шунингдек у «Бизнинг намойишларимиз Россияга қарши қаратилмаган. Бундан ташқари намойишлар Украина воқеалари хусусиятига ҳам эга эмас», деб сўзини давом эттирди). DARAJ веб-сайти, 2018 йил 1 май.

4 – Бундан кўриниб турибдики, Россиянинг Арманистонда ўз нуфузини сақлаб қолиш имконияти ҳали ҳам мавжуд. Шунинг учун Россия президенти Пашинянни Сочида учрашишга чақирди. Улар ўртасида бўлиб ўтган ушбу биринчи учрашувда (Арманистоннинг янги бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путинга Россия билан ҳарбий соҳада алоқаларни янада ривожлантириш истаги борлигини ҳамда икки юрт ўртасида стратегик алоқаларнинг муҳимлигига ҳеч ким шубҳа қилмаслигини айтди). Рейтер, 2018 йил 14 май.

Пашинян бундай деди: («Ишонаманки, Арманистон ва Россия алоқаларининг стратегик жиҳатдан муҳим эканига Арманистонда ҳеч ким шубҳа қилмаган ва шубҳа қилмайди ҳам. Биз сиёсий, иқтисодий ва савдо-сотиқ алоқаларига янги куч бағишламоқчимиз». Арманистон раҳбари Россиянинг Арманистондаги сўнгги сиёсий кризис пайтида эгаллаган барқарор позицияси Арманистон халқи томонидан юксак баҳоланаётганига алоҳида тўхталиб ўтди). Русиял Явм, 2018 йил 14 май.

Россиянинг Арманистонда ўз нуфузини сақлаб қолиш имкониятини бир нарса кучайтирмоқда, у ҳам бўлса «Арман тугунидир». Чунки мана шу «Арман тугуни» туфайли мухолафат Россияга орқа ўгира олмайди. Яъни, Арманистон мусулмонлар қуршовида яшайди ва доим мана шу исломий қуршовдан хавотирда. Чунки Арманистоннинг бир томондаги қўшниси Озарбайжон. Бундан ташқари у билан ўрталарида Тоғли Қорабоғ можароси мавжуд. Арманистоннинг яна бир томондаги қўшниси Туркия. Арманлар йигирманчи аср бошидаги катта қирғинда Туркияни айблаб келади. Яна бир томондан Арманистонга Эрон қўшничилик қилади. Тўғри, Арманистон географик жиҳатдан Россия билан бевосита боғланмаган. Чунки Россия жанубидан уни Грузия ажратиб туради, Россия жануби эса, исломий бўлгинчилик низолари билан тўла, масалан Чеченистонда бўлгани каби. Аммо Арманистон географик жиҳатдан Россия билан бевосита боғланмаган бўлса-да, бироқ халқаро жиҳатдан унга энг яқин кучли давлат Россиядир. Шунинг учун арманилар мусулмон қўшниларга қарши курашда ўзларини хавфсиз ҳис этишади. Шунингдек, Арманистонни Россиядан мустақил бўлгандан бери ҳаётий муҳим воситалар билан қўллаб-қувватлаб келаётган давлат ҳам мана шу Россия. Масалан, Тоғли Қорабоғ масаласида Россия уни Озарбайжонга қарши ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, Россия қўллаётган ҳаётий воситалардан яна бир жиҳати, қарзлар, беминнат ёрдамлар, ёнилғи ва газ таъминотидир. Чунки Арманистон иқтисоди заиф давлат. У ёрдамларга ва арманларнинг хориждан йўллаётган пул жўнатмаларига таяниб қолган. Арманистон Россияга бизни исломий хавфдан сақлаб турувчи қудрат, дея ишонади. Шунинг учун Россиянинг бу юртда ҳарбий базалари борлигини ҳамда у билан стратегик ҳамкорлик қилишини Арманистон ташқи сиёсатидаги тамал тош, дейиш мумкин. Ҳатто «Русиял Явм»нинг 2018 йил 24 апрелдаги хабарида норозилик намойиши чоғида айрим намойишчилар оғзидан Россиянинг Арманистондаги ҳарбий базасини олиб чиқиб кетишига оид талаблар янграгани айтилган бўлса-да, бу нарса ўша онгсиз намойишчиларнинг ўзларига чекланган талаб, холос. Улар мухолафатчи Пашиняннинг Россия ҳарбий нуфузи сақланиб туришини қўллаб-қувватловчи амалий баёнотлари ортида қандай мақсад ётганини англамайдилар.

5 – Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Арманистондаги норозилик намойишлари мухолафатнинг ҳокимиятни эгаллашига қаратилган маҳаллий характерга эга намойишдир. Собиқ бошқарув Россияга яқин эди. Чунки Саркисян Россиянинг энг ишонган кишиларидан бири бўлганди. Пашинян мухолафатдан бўлиб, Саркисян Россияга ундан ҳам яқиндир. Бироқ шуларга қарамай, намойишнинг кучли тўлқини Россияни узоқдаги арпадан яқиндаги сомонни афзал билишга ундади! Натижада, Россия норозилик тўлқинини жиловлаб, мухолафатга рози бўлди. Зеро, у Ғарбнинг Арманистондаги Россия нуфузини ёриб киролмаслигидан кўнгли хотиржам. Бунинг сабабларини юқорида айтиб ўтдик. Бироқ шунга қарамай, Ғарб, хусусан, Америка Арманистон майдонини Россияга осонгина ташлаб қўяди, деб бўлмайди. Чунки бу мустамлакачи давлатларнинг турли нопок услублар ёрдамида олиб борган курашларидан маълум.

 10 рамазон 1439ҳ

                               26 май 2018м

Total Views: 542 ,

Добавить комментарий

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида жиноятчиликка қарши биргаликда кураш ҳақидаги қонун кучга кирди

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида жиноятчиликка қарши биргаликда кураш ҳақидаги қонун...

Закрыть