Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Имoмали Раҳмоннинг таклифига биноан 9 март куни давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасига борди. Душанбе халқаро аэропортида давлат раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Имoмали Раҳмон кутиб олди. 

Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттиришди. 

Президент матбуот хизмати хабар беришича, унда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарлари, чегараолди вилоятлари ҳокимлари иштирок этди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди. 

Икки мамлакат ҳукуматларига ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилиш масалаларини ўрганиш топширилди. Фойдаланилмаётган захираларни ишга солиш бўйича таклифлар ўртага ташланди, турли қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, бугунги таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралардан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзолашган.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27та ҳужжат имзоланди. 

Маълум қилинишича, икки давлат фуқаролари эндиликда 30 кун давомида ҳеч қандай рухсатнома ёки таклифномани тақдим этмаган ҳолда чегарадан ўтиши, қўшни давлатда муайян муддат яшаш ҳуқуқига эга. Бу келишув икки давлат раҳбарлари, Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон томонидан имзоланган ҳужжатда акс эттирилган.

Total Views: 986 ,

Добавить комментарий

Конгода 2 млндан ошиқ бола ўлим ёқасида турибди 

Конгода 2 млндан ошиқ бола ўлим ёқасида турибди  Конго Демократик...

Закрыть