Трамп ва НАТО саммити

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Саволга жавоб

Трамп ва НАТО саммити

Савол:

2018 йил 11-12 июл кунлари Белгия пойтахти Брюсселда Шимолий Атлантика Иттифоқи (НАТО)нинг икки кунлик саммити бўлиб ўтди. Унда Трамп айни ташкилотга аъзо 29та давлат раҳбарлари билан бирга иштирок этди. Улар билан Трамп ўртасида баҳс кескин бўлди. Баҳс асосан, ҳарбий харажатларни мамлакат ялпи даромадига нисбатан 2 %га кўтариш мавзусида кечди. Хўш, Америка нега бундай қиляпти? НАТОнинг тақдири нима билан тугайди?

Жавоб:

Жавоб тушунарли бўлиши учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:

1 – АҚШ президенти Трамп дипломатияга ҳамда ўраб гапириш ва ҳийла-алдовга зид иш тутяпти… У кўнглига нима келса яширмай ошкор айтяпти, очиқдан-очиқ босим ўтказяпти… Парда ортида ёки бошқа давлат раҳбарлари билан бўладиган махсус учрашувларда айтиладиган гаплар ва талабларни очиқ-ошкора, юзсизлик ва такаббурлик билан айтяпти. У бу борада илгарги президент кичик Жорж Бушдан ҳам ўтиб тушди. Шунингдек, бу хусусда ўзидан олдинги Обама хатти-ҳаракатларига бутунлай тескари иш қиляпти. Чунки Обама бундай ишларни парда ортида амалга оширар эди. Ҳамкасбларига ёки бошқа давлатларга босим ўтказмоқчи бўлса, буни сиёсий манёврлар билан, ими-жимида қилар эди. У гўё, инглиз сиёсатчиларига ўхшарди! Зотан, 2014 йили НАТОга аъзо давлатларга ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 %га кўтаришни жорий қилган ҳам айнан шу Обама эди. Обама уларга – келишувга амал қилишлари учун – турли услублар билан босим ўтказган. Ўшанда хабарларда Обаманинг НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари билан учрашганда айни масалани тўполон чиқармасдан, бошқаларни бўғзидан олмай амалга ошираётгани айтиларди. Гўё ташкилот аъзоларини бир хил фикрда ва бирдам қилиб, ташкилот раҳбари бўлган АҚШни ташкилотдан ҳам, унинг аъзоларидан ҳам мамнун қилиб кўрсатар эди. Ваҳоланки аслида, улар билан АҚШ ўртасида бу масалада қаттиқ ихтилоф мавжуд. Дарҳақиқат, ўша йили НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари ўз юртларидаги ҳарбий соҳага ажратиладиган харажатларни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 %га кўтаришга ва буни 2024 йилга қадар амалга оширишга Обама олдида ваъда беришган. Лекин улардан 15 давлат, шу жумладан, Германия, Канада, Италия, Белгия ва Испания харажати ҳамон 1,4 %дан ошмай келяпти. Бундан кейин ҳам, улар ваъдасини устидан чиқа олмай, Трампни жаҳлини чиқаришлари турган гап. Трампнинг айни мавзуга оид ташаббуси доирасида НАТОга аъзо давлатлар 2030 йил кириши билан 30та ҳарбий батальон, 30та ҳарбий учоқ ва 30та ҳарбий кемани Россиянинг эҳтимолли ҳарбий амалиётига қарши жойлаштиришга ваъда беришди. Чунки Америка Европа устидан ҳукмронлик қилиш ва уни ҳарбий ва сиёсий қарорларини ўзи мустақил чиқаришига йўл қўймаслик мақсадида Россияни уларга душман қилиб кўрсатиб келмоқда. Шу орқали Европани ўз етакчилиги, ҳарбий сояси остида ушлаб турибди.

2 – Трамп иттифоқчилари билан бу ишни амалга ошириш ва уларни бунга ишонтириш мушкул эканини тушуняпти. Шунинг учун 2018 йил 10 июлда НАТОнинг Брюсселда бўладиган саммитига кетиш олдидан Твиттерда «Менинг Хелсинкида Путин билан (2018 йил 16 июлда) бўлиб ўтадиган учрашувим, НАТО саммитидан кўра енгилроқ», деб ёзди. Унинг бу гаплари маълум даражада тўғри. Чунки Россия АҚШга хизмат кўрсатишга тайёр мутедай кўриняпти. Мақсади, шу орқали баъзи манфаатларга эришиб олиш учун ўзини биринчи давлат ёнидаги халқаро таъсирга эга катта давлат қилиб кўрсатмоқчи ҳамда хусусан, ўз нуфузи остидаги минтақаларда, яъни, Америка Россиядан тортиб олиб, ўз ҳукмронлиги остига киритишга уринаётган минтақаларда Американинг ёмонлигини ўзидан нари қилиб турмоқчи. Аммо Европа ундай эмас. У душман ва рақиб сифатида намоён бўлиб, ўзининг Европа Иттифоқини Америка олдига реал рақобатлашувчи қилиб қўймоқда. Шунинг учун Америка Европа Иттифоқига нисбатан душманлик позициясини эгаллаб, уни очиқдан-очиқ бўлиб ташлашга уриняпти. Шу боис ҳам, Британиянинг ундан ажралиб чиқишини қўллаб-қувватлади. Бироқ, Британия Европа Иттифоқидан чиқиши ортидан, энди Иттифоқ билан эркин бозор сиёсатини ўрнатишга қараб кетаётган пайтда, Тереза Мэй ҳукумати сиёсатига ҳужум қилиб бундай деди: «Мэйнинг бу режаси АҚШ билан бўлган келишувини барбод қилиши мумкин. Чунки улар эркин бозор келишувини имзолайдиган бўлса, бизнинг Британияни қўйиб, Евроииттифоқ билан ишлашимиз турган гап». Яна бундай деди: «Мен Тереза Мэйга «Brexit»га нисбатан турли йўллар билан муносабатда бўлишимни айтиб, буни қандай амалга оширилишини кўрсатиб ўтдим. Бироқ, у рози бўлмади, гапимга қулоқ солмай, бошқа йўлни тутди». Шунингдек, Трамп Мэй режасига қарши чиққани сабабли ишдан бўшатилган Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсонни мақтаб, «Эртага у бу ҳукуматнинг буюк раҳбари бўлади», деди. (Би-Би-Си «The Sun»га таянган ҳолда хабар қилган). Кейин Иттифоқдаги бошқа давлатларни ҳам ундан чиқишга даъват қилди. Трамп ҳатто ўтган апрелда АҚШга келган Франция президентига Евроиттифоқдан чиқишни таклиф қилди. Масалан, Вашингтон Пост газетасининг 2018 йил 29 июндаги сонига кўра, «Трамп ўзининг франциялик ҳамкасби Макронга АҚШ-Франция ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун Евроиттифоқдан чиқишни таклиф қилди. Буни ўтган апрел ойида Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувлари чоғида айтган». Газета европалик икки мулозимнинг «Трамп Макронга – нега Евроиттифоқдан чиқмаяпсан?, деди», деган сўзларини ҳам нашр қилди.

3 – Шу боис Трамп Европа Иттифоқини, хусусан, Германияни танқид қилди. Германиянинг АҚШ билан муносабатлари ғоят таранг аҳволда! Биз 2017 йил 7 июндаги саволга жавоб нашрамизда АҚШ-Германия ўртасидаги кескинликнинг сабабини ёритиб бундай деган эдик: «Германия Европадаги энг катта молиявий марказ ва иқтисодий жиҳатдан дунёда Америка, Хитой ва Япониядан кейинги тўртинчи ўринда туради. Шунинг учун Трамп АҚШ фойдасига катта маблағ ундириш мақсадида эътиборини Германияга қаратди. Америка хусусан Германияни НАТОга янада яқинлашиши ва ундаги сарф харажатларни кўтариши учун уни Россия хатаридан қўрқитиб келади. Чунки Берлин НАТО иттифоқига оз маблағ ажратади, у ҳарбий жиҳатга миллий даромаднинг 1.2 % (42 миллиард доллар) сарфлайди. Шунингдек, АҚШ-Германия ўртасидаги савдо баланси кўпроқ Германия томонга оғмоқда. Бунга мисол қилиб айтадиган бўлсак, иккала давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2016 йилда 165 миллиард еврони ташкил қилган. Шундан Америка Германиядан олиб кираётган импорти 107 миллиард евро бўлса, Германия Америкадан олиб кираётган импорти 58 миллиард еврони ташкил қилган». «Европа саҳнасида иқтисод ва сиёсат табақасига Германия етакчилик қилаётгани кўриниб турибди. Буни Германия расмийлари Америка сиёсатига қарши экани ва Германия АҚШ билан бўлган келишмовчилигини ошкора эълон қилгани тасдиқламоқда… Агар бу кенгайиб бораверса, Европани қаттиқ тебратади ва натижада Германияни тез суратда оғир қуроллар билан қуролланишига сабаб бўлиши мумкин».

4 – Трамп Германиянинг қайсарлигини ва айниқса, Трампнинг Европа Иттифоқига душманлик қилаётгани очилиб қолгандан сўнг унга жуда менсимай муомала қилишда давом этаётганига гувоҳ бўлди. Чунки Германия Евроиттифоқни ўзининг кучли иқтисодий бозори, деб билади ҳамда унга ўзининг халқаро сиёсий майдонга чиқиб олишига ёрдам берувчи куч, деб қарайди. Шунинг учун Трамп хусусан Германияга бўлган танқидларини кучайтирди ва Америка иккинчи жаҳон урушидан бери уни ҳимоя қилиб келаётгани учун миллиардлаб доллар беришни ундан талаб қилди. НАТО саммити бошланиши олдидан айни ташкилот бош котиби билан учрашуви чоғида Германияга ҳужум қилиб, бундай деди: «Германия Россияни бойитмоқда. У Россия қўлидаги гаровга айланиб қолиб, ҳукмронлигига бутунлай бўйсунмоқда. Биз уларни Россиядан ҳимоя қилсагу, улар бўлса, Россиянинг энергия таъминотини таъминлаш учун унга миллиардлаб доллар тўласа, буни қандай изоҳлаш мумкин?! Бу адолатдан эмас». Саммит чоғида бундай деди: «Германия Россия ҳукмронлигига батамом бўйсуниб қолган, чунки у ўз энергетикасининг 60-70 %ини шу давлатдан олади, бунга янги қувур линиясини ҳам қўшимча қилиш мумкин. Мен буни НАТОга нисбатан нолойиқ ва ёмон, деб биламан». (Би-Би-Си, 2018 йил 12 июл). Трамп сўзларига жавобан, канцлер Меркел бундай деди: «Германия ўзига хос сиёсатга эга ва қарорларини мустақил ўзи чиқаради. Шахсан мен Германиянинг Евроиттифоққа кирадиган қисмида яшаганман. Мен бугун озодлик байроғи остида бирга эканимиздан ғоят бахтиёрман. Шу сабабдан айтишимиз мумкинки, биз ўзимиз мустақил сиёсат олиб бориб, мустақил қарорлар қабул қила оламиз». Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ҳам «Биз на Россияга асирмиз ва на Америкага», деди. (Би-Би-Си, 2018 йил 12 июл).

Трамп билан Меркел НАТОнинг янги қароргоҳи йўлаги бўйлаб, анъанавий суратга тушиш учун меҳроб томон бирга қадам ташлашар экан, ўрталаридаги нохуш ҳолатни иккаласи ҳам билинтиришмади. Аслида, Трамп Германия билан Россияни боғлайдиган «Noor Stream» газ қувури лойиҳасини бир неча бор танқид қилиб, ундан воз кечишни талаб қилган. Бу лойиҳага гарчи баъзи европаликлар ҳам қарши чиқаётган бўлса-да, бироқ бу Евроиттифоқдаги бўлинишни англатмайди. Масалан, Польша Европанинг бу лойиҳага муҳтож эмаслигини таъкидлади. Польша ташқи ишлар вазири Яцек Чапутович НАТО қароргоҳига етиб келганда ««Noor Stream» Европа давлатлари моделидир, бу давлатлар  Россияни маблағ билан таъминлаб, унга Польшага қарши фойдаланиши мумкин бўлган имкониятларни яратиб беришмоқда» деди. (Франс Пресс, 2018 йил 11 июл). Яцек Чапутович буни Трамп тилидан гапирмоқда, чунки Польша Америкапараст бўлиб, Евроиттифоқ ичкарисида унинг манфаатларига хизмат қилади.

Шундай қилиб, АҚШ анчадан бери Европа Иттифоқини емириш учун унинг ичкарисидан туриб ҳаракат қилмоқда. Аммо яқиндан бери Трамп бу ҳаракатга қўшимча, Европани мазкур тақдирий масала бўлган 2 %га очиқ-ошкор мажбур қилмоқда. Мақсади – ўзидан олдинги ҳамкасбларини айни масалада европаликларга босим ўтказолмаган қилиб кўрсатиш, кейин эса, ўзининг Қўшма Штатлар ичкарисидаги вазиятини яхшилаб олишдир. Бу эса, республикачилар партиясининг оралиқ сайловлар (вакиллар палатаси аъзоларини сайлаш)даги улушини ҳамда Трампнинг иккинчи муддатдаги сайлов улушини ҳам яхшилайди.

5 – Аммо Франция эса, Трамп даъватига ҳаммадан ҳам кўпроқ розилик билдирди. Унинг раҳбари Макрон бундай деди: «Франция 2024 йилга қадар мудофаа харажатларини 2 %га оширишга оид НАТО келишувини ижобий қабул қилди. Биз юкни адолат билан ҳаммамиз баробар кўтармас эканмиз, ташкилотдаги жипслик асло мустаҳкам бўлмайди». Яна бундай, деди: «Трамп – илгари ўз шубҳаларини ифода этган бўлишига қарамай, АҚШнинг НАТО олдидаги мажбуриятини яна бир бор эсга солиб қўйди. У 2018 йил 12 июл пайшанба кунги саммит чоғида НАТОдан чиқиб кетишини тўғридан-тўғри белгилагани йўқ». (Рейтер, 2018 йил 12 июл). Маълумки, Франция ҳозирда мудофаа учун ўзининг ялпи ички маҳсулотларидан 1,8 %ини сарфлайди. Бироқ АҚШнинг ўз ёнидан Францияга ҳам бирор халқаро роль беришидан умид қилиб, унга мулойим муносабатда бўлмоқда ва шу орқали французларнинг ич-ичларига ўрнашиб қолган буюк бўлиш туйғусини тўлқинлантирмоқчи. Лекин Франция буни Германиянинг ўсишидан хавотирлангани учун Евроиттифоқдан воз кечмаган ҳолда бажаришни истайди. Бир марта у астойдил Евроиттифоқ ёнини олди. Масалан, Канададаги еттилик саммити чоғида ва Трамп савдо уруши бошлаган пайтда ҳамда Американинг Эрон ядровий дастуридан чиқишни эълон қилишига қарамай, уни сақлаб қолиш мавзусида Евроиттифоқни ҳимоя қилди… Баъзан эса, Америка томонга ҳам мойил бўлиб туради, худди яқинда бўлиб ўтган Брюссел саммитидаги каби.

6 – Трамп АҚШнинг НАТОдан воз кечмоқчи эканини маълум қилди. У воқеда шундай қилмаса ҳам, бироқ мана шундай таҳдидда давом этади. Трамп иттифоқчиларига ҳам, душманларига ҳам савдо уруши эълон қилди ва бу ўзини тутолмайдиган, бошқа иттифоқлардан ҳам воз кечишга тайёр турган тентак президент етакчилиги остидаги АҚШ сиёсатида янгича йўналиш бўлди. Биз 2018 йил 16 июндаги саволга жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Булардан савдо уруши АҚШ учун жуда муҳим эканлиги кўриниб турибди. Чунки бу давлат 2008 йил портлаган молиявий кризис оқибатларидан ҳануз азият чекмоқда. Унинг қарзи 20 триллион долларга етди. Бизнесменлик ақлияси соҳиби бўлган АҚШ президенти Трамп Америка иқтисодиётини қутқаришга ҳаракат қилар экан, бунда «биринчи Америка» шиорини кўтариб олди. Бу эса, Америка узоқ вақтдан буён ўз нуфузини дунёга зўрлаб тиқиштиришда фойдаланиб келган халқаро муассасанинг бугун тарқалиб кетиши, бинобарин, бутун глобал тизим ҳам тарқалиб, янги халқаро позиция юзага чиқиши мумкинлигидан дарак беради. Америка шу кунгача дунёга хўжайин бўлиш учун бошқа давлатларнинг ёрдами билан ҳамда савдо балансини ўзига мойил қилиш орқали жонбозлик кўрсатиб келган эди. Аммо бугун у савдо даромадларига ўз иттифоқчиларининг ёрдамисиз бир ўзи хўжайин бўлиш, уларни эса ўзининг соясига эргашиб юрадиган давлатларга айлантириш ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди».

7 – Шундай қилиб, демак, НАТО иттифоқчилари ўртасида кураш аланга олмоқда ва бу уларнинг иттифоқлари парчаланиб йўқ бўлиб кетишидан, ораларида иқтисодий ва сиёсий курашлар келиб чиқишидан башорат бермоқда. Агар бу давлатлар ядровий қуроллар ишлатилишидан чўчишмаганда эди, аввалги икки уруш ортидан аллақачон учинчи жаҳон уруши аланга олиб бўлган бўлар эди. Бутун дунё учун ёвузлик ўчоғи мана шу НАТО иттифоқчиларидир. Негаки улар ёвуз тузум бўлган капитализмни қабул қилишган. Капитализмда эса, манфаат амаллар ўлчови қилиб белгиланган бўлиб, жамиятда ҳукм сурувчи ягона қиймат моддий қийматдир. Шунинг учун бутун дунё эзгулик давлатига, яъни, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатига жуда муҳтож бўлиб қолди. Чунки ушбу давлат дунёга фақат моддий қийматнигина эмас, балки руҳий, ахлоқий ва инсоний қийматларни ҳам баробар улашади. Зотан, ушбу эзгуликни рўёбга чиқариш учун бугун Аллоҳга холис ва Росулига содиқ бўлган, тиллари Аллоҳни тинмай зикр қилиш билан нам бўлган, Аллоҳга тинмай даъват қилиш йўлида бутун вужуди билан меҳнат қилаётган… Риббилари албатта нусрат беришидан хотиржам бўлган кишилар бор. Лекин Аллоҳга ҳеч кимни гуноҳдан пок деб даъво қилмаймиз.

﴿إِنَّا لَنَنْصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ﴾

«Албатта Биз Росулларимизга ва мўминларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз»   [Ғофир 51]

7 робиус-соний 1438ҳ

17 июл 2018м

Total Views: 604 ,

Добавить комментарий

Саудия Арабистони Мамлакати ҳукуматга қарашли барча ўқув юртларидан исломий маърифат дастурини бекор қилди

بسم الله الرحمن الرحيم Роя газетаси: Саудия Арабистони Мамлакати ҳукуматга...

Закрыть