Украинадаги кескинлик ва Россиянинг провокацияга учраши ортида нима турибди?

Саволга жавоб

Украинадаги кескинлик ва Россиянинг провокацияга учраши ортида нима турибди?

Савол:

Украина президенти Пётр Порошенко «Россия чегара кучлари Қора денгиз билан Азов денгизини боғловчи Керч бўғозида Украинанинг ҳарбий кемаларини йўлини тўсиб, юртимизга қарши агрессив уруш бошлади», деди. У бу сўзларини Американинг «Fox News» телеканалига берган интервьюсида айтди. У ушбу воқеага ишора қилиб шундай қўшимча қилди: «Жаноб Путин, бу ҳазил ёки оддий бир ҳодиса ё кризис эмас, балки агрессия ва урушдир». (Спутник Арабий, 2018 йил 12 декабр). Россия эса, Украинага қарашли учта кема 2018 йил 25 ноябрда рус соҳил қўриқчилари томонидан тўхтатилганини маълум қилган эди. Шунингдек, бу кемалар Қрим Ярим оролининг шарқий қисмидаги Қора денгиз билан Азов денгизини боғловчи Керч бўғози яқинида Россия сувлари дахлсизлигини бузганини даъво қилганди. Бунинг ортидан АҚШ Россияга қарши санкцияларни кучайтириш талаби билан чиқди, аммо Европа буни рад қилди. Бу таранглик ҳамон давом этяпти. Хўш, бунинг ортида ким турибди? Нега у ерда вазият яна таранглашди?

Жавоб:

Аллоҳнинг изни ила, жавобни ёрқин баён қилиш учун айни мавзуга оид бўлиб ўтган ва бўлаётган воқеа-ҳодисаларни келтириб ўтмоқчимиз:

1 – 2014 йил февралда Россия-АҚШ-Европа Украинанинг ўша пайтдаги президенти Виктор Януковичнинг ҳокимиятда қолишига келишиб олишган эди. Маълумки, Виктор Янукович россияпараст одам. Бироқ келишувдан ҳеч қанча вақт ўтиб-бўлмай, Украина ғалаёни аланга олиб, Янукович Россияга қочиб кетди. Айни ҳодиса ортида Ғарб турганлиги аён бўлди. Россия Ғарб уни алдаганини ва Украинани қўлдан бой берганини англаши биланоқ, Қрим Ярим оролини аннексия қилиб олди. Украина шарқида жойлашган Донбассдаги тарафдорларини гижгижлаб, ўз минтақаларини Донецк ва Луганск номи билан мустақил бўлишини талаб қилишга ундади. Натижада, АҚШ билан Европа Россияга санкциялар жорий қилиб, уни Катта Еттиликдан чиқариб юборишди.

2 – АҚШ Украинини қуроллантириш талаби билан чиқди. Аммо Европа буни рад этди. Чунки бу нарса Россия билан бўлган муносабатларнинг таранглашувига олиб келишини, ҳолат мураккаблашадиган бўлса, ўзига салбий таъсир қилишини Европа тушунди. Шу боисдан Франция билан Германия тарангликни юмшатиш ва сиёсий ечим йўлини топиш мақсадида Россия билан боғланишди ва 2015 йил 6 февралда АҚШдан ташқари уч давлат ўртасида Минск шартномаси имзоланди. Биз бу ҳақда 2015 йил 21 февралдаги саволга жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Европа (яъни, Франция билан Германия) Америка позициясидаги бундай кескин ўзгариш Украинага қарши рус ҳарбий амалиётларининг авж олишига олиб келишидан, оқибатда Европани – агар у Украина томонида турмайдиган бўлса – қийин аҳволга солиб қўйишидан хавотирга тушиб қолди. Бунинг натижасида Европада уруш ёки урушга ўхшаш ҳолат келиб чиқади, айни вақтда бу уруш Америкага таъсир қилмайди. Демак мана шу нарса Европани Украина борасида Америка фикрига қўшилиш сиёсатини ўзгартиришга қаттиқ ундаган сабаб бўлди. Шунинг учун Европа бир сиёсий ечимни пайдо қилиш ва Европа билан Россия ўртасидаги ҳар қандай кескин вазиятни йўлини тўсиш учун рус президенти билан боғланиб туриш қарорига келди. Шундай ҳам бўлди. Чунки Европа (Франция ва Германия) етакчилари 2015 йил 6 февралда бу ишни муҳокама қилишди ва унга келишиб олишди. Ана шундан кейин Меркел бу ишни Обамага билдириб қўйиш учун – ундан изн сўраш учун эмас – 2015 йил 8 февралда Вашингтонга борди».

3 – Бу хатти-ҳаракат АҚШга ёқмади. Кейинроқ у келишувни қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса-да, бироқ аслида уни татбиқ этилиши учун қўллаб-қувватламаганди, балки мазмунида айтилган гапларни бекор қилишни ва барбод этишни истаганди. Биз бу ҳақда айни савол-жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Франция ва Германия томонидан билдирилган бу позиция Обама ва унинг идорасига катта таъсир қилди. Бу эса, Мюнхен саммити конференциясида Керри билан Меркел ўртасидаги даҳанаки жангларга сабаб бўлди. Бу даҳанаки жанглар айниқса Американинг Украинани қурол-аслаҳа билан таъминлаши ҳақида – Европа бунга қарши чиқаётган бир вақтда – берган баёнотлари хусусида бўлди». Кейин бундай қўшимча қилгандик: «Энди нима кутилишига келсак, Америка – кучлироқ эҳтимолга кўра – бу келишувнинг амалга ошишига тўсиқ бўладиган бир неча муаммоларни пайдо қилиши мумкин. Чунки унинг Украинада тобелари бор, республика президенти Порошенко Европага яқин бўлса-да лекин унда Американинг ҳам улуши бор… Шунга кўра, демак Америка вазиятни қуйидаги уч вариантдан бири билан ёки ҳаммаси билан кескинлаштириши мумкин:

Украинани замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлаш;

Украинани НАТОга киритиш учун у билан музокаралар олиб бориш;

Ёки ўзининг Украинадаги баъзи одамларини ҳаракатга келтириш.

Шу билан келишувни барбод қилиш мумкин бўлади. Чунки бу уч вариантдан қай бири бўлмасин, албатта Россиянинг жиғига тегади, ҳодисаларга таъсир қилиб, келишувнинг барбод бўлишига олиб боради…». Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди, мана, Америка келишувни барбод қилишга ва вазиятни таранглаштиришга ҳаракат қиляпти.

4 – Шу боис сўнгги ҳодисалар, Россия Украинанинг учта кемасини кемачилари билан қўшиб ҳибсга олганда, рўй берди. Афтидан Украина бу ишда Россияни провокация қилган кўринади. Албатта, Америка томонидан кўк чироқ ёқилмаса, бундай қилишга ҳаргиз журъат қилолмасди. Дарвоқе, Россиянинг Тасс ахборот агентлигининг 2018 йил 25 ноябрда тарқатган хабарига кўра, «Украинага қарашли учта ҳарбий кема Россиянинг регионал сувларига ноқонуний тарзда кирган, Бу уч кема хавфли машқлар олиб боришаётган бўлган». Бунинг оқибати ўлароқ, Украина Ғарбдан бу ишга аралашишни илтимос қилди. Масалан, президент Пётр Порошенко 2018 йил 29 ноябрда Германиянинг «Бильд» газетасига бундай деди: «Германия бизнинг яқин иттифоқчиларимиздан бири, биз НАТО сафида Украинага ёрдам бериш ва у ердаги хавфсизликни таъминлаш учун Азов денгизига кемаларини юборишга тайёр давлатлар бор, деб умид қиламиз. Путин эса, Азов денгизини босиб олишдан бошқа нарсани истамаяпти. Унга тушунтириб қўйиладиган ягона сўз, Ғарб дунёсининг бирлашишидир. Германия ҳам агар Путинни тўхтатмасак, у нима қилиши мумкин, дея ўйлаб кўрмоғи лозим. Россиянинг бундай сиёсати қабул қилиб бўлмас сиёсатдир. Путин биринчи Қрим ярим оролини, кейин Шарқий Украинани, энди бўлса, Азов денгизини истаб қолди. Путин қадимги рус императорлигига қайтмоқчи: Қрим, Донбасс, бутун юртни хоҳламоқда». Сўнг: «Меркел 2015 йил Минскда ўтказган музокаралари билан юртимизни қутқарган эди. Шунинг учун ҳам бошқа иттифоқчиларимиз билан яна бир бор ҳимояга эришамиз, деган умиддамиз», дея қўшимча қилди. Лекин Германия канцлери Меркел ҳарбий амалиётни рад қилди. Бу ҳақда у 2018 йил 29 ноябрда «DPA» ахборот агентлигига «Бу қарама-қаршиликлар учун ҳеч қандай ҳарбий ечим йўқ», дея баёнот берди ҳамда Порошенкодан «оғир-босиқ бўлиш»ни талаб қилди, «вазият сокин қолиши керак, биз ҳақиқатни очиқ ўртага ташлайлик, ўшанда кўрамиз нима бўларкин…», деди. Сўнг масалани Путин билан муҳокама қилишга ваъда берди. Аммо Россияга санкцияларни оширишга рози бўлмади. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас ҳам 2018 йил 6 декабрда Италияда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари конференциясида украиналик ҳамкасби Павел Климкин билан учрашгач бундай деди: «Мудом вазиятнинг кескинлашувини олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этар экан, Берлин Россиянинг Украина билан кураши сабабли Европа Иттифоқи томонидан Россияга санкциялар жорий этилишини истамайди». У яна бундай қўшимча қилди: «Айни дамда мен ҳам қўшимча санкциялар ҳақида сўз бўлиши хато, деб биламан. Чунки тарангликни юмшатиш учун саъй-ҳаракат сарфланмоқда. Янги санкциялар қўллаш таклифи Германия тарафидан асло бўлмайди. Европа Иттифоқи ичкарисидагилар ҳам янги санкциялар қўллашга келишишади, деб ўйламайман». (Рейтер, 2018 йил 7 декабр). Германия Европа Иттифоқидаги бошқа кўпгина давлатлар билан бирга вазиятнинг нақадар кескинлигини ва Европага нақадар зарар етказиши мумкинлигини англамоқда. Шу боис ҳарбий амалиётларни ҳам, санкцияларни кучайтиришни ҳам истамаяпти. Чунки бу бир икки қиррали қилич бўлиб, ҳам Россияни, ҳам Европани кесиши мумкин.

5 – Бу ишда Америка позициси яққол аён, вазиятни кескинлаштирган ҳам, санкцияни кучайтираётган ҳам шу. Масалан, Трамп ҳамкасби Путин билан учрашишни бекор қилди. Буни жорий йил 30 ноябрда бўлиб ўтган G-20 саммити чоғида маълум қилди. Чунки бунга Россия билан Украина ўртасидаги кема можароси сабабли унинг маъмурияти рози бўлмади. Трамп Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда Япония бош вазири Синдзо Абэ билан учрашишидан олдин журналистларга Украина кемасининг ҳибсга олинишига изоҳ сифатида, «Бу иш бизни ҳайрон қолдирмайди ва биз бунга рози эмасмиз. Умуман, бунга ҳеч ким рози бўлмайди», дея баёнот берди. (РТ онлайн, Новости, 2018 йил 30 ноябр). АҚШнинг Украинадаги доимий вакили Курт Волкер ҳам 2018 йил 27 ноябрда бундай деганди: «Россия раҳбарияти айни портларга, шу жумладан, Мариуполдаги портга якка ҳоким бўлишга, у ерга ҳеч кимнинг бориш имконияти бўлмаслигига уриняпти. Россиянинг у ерда фақат ўзи бўлишни истаётгани албатта хавотир уйғотади». АҚШ вакили Россиянинг 2003 йилда Азов денгизида юк ташиш билан боғлиқ имзоланган конвенцияга амал қилиши лозимлигини таъкидлар экан, «Мен Россиянинг Украина ерларига қуруқлик ҳужумларини қайта бошлайди, деб ўйламайман, агар бунга ўхшаш иш содир бўладиган бўлса, менинг учун бу мутлақо кутилмаган ҳол бўлади», деди. (Араб тилидаги Украина сайти, 2018 йил 28 ноябр). Мазкур конвенциядан кўриниб турибдики, Азов денгизи билан Керч бўғози, ҳам Россиянинг, ҳам Украинанинг ички суви ҳисобланади. «Америка овози» радиосининг 2018 йил 6 декабрдаги хабарига кўра, «АҚШнинг Украинадаги доимий вакили Курт Волкер келаси икки ҳафта ичида Украинага сафар қилади. У Россиядан ўзида ушлаб турилган украиналик денгизчиларнинг озод этилишини талаб қилди. Шунингдек, Россиянинг 2003 йил имзоланган икки томонлама махсус конвенцияга асосан, Азов денгизи ва Керч бўғози минтақасида Украина билан қайта ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади». Ушбу баёнотдан очиқ кўриниб турибдики, Америка тез ҳаракат қилмаяпти, шошилмаяпти. Унинг Украинадаги доимий вакили Украинага боришини маълум қилди! Бу эса, Америкага ечим керак эмаслигини, балки вазиятнинг таранг бўлиши лозимлигини англатади. Унинг мақсади бу икки давлат муносабатларини таранглаштириш ва шу ҳолда давом этиш, муаммони ҳал этмаслик!

6 – Шуни таъкидлаш лозимки, Америка Украинани қурол-яроқ билан, ҳарбий ускуналар билан таъминлаяпти, армиясини машқдан ўтказяпти. Бу ҳақда америкалик вакил Курт Волкер Германиянинг «Deutsche Welle» номли расмий сайтида 2018 йил 29 ноябрда бундай дея баёнот берди: «Киев билан Вашингтонни мудофаа соҳасидаги табиий ҳамкорлик боғлаб туради… АҚШ Украинага – кучли замонавий мудофаа қобилиятига эга бўлиши учун – қуролли кучларни ташкил қилиш ва ислоҳ қилишда ёрдам беради». Кўриниб турибдики, америкалик вакил айни сўзлари билан ўз мамлакати Украинани қуроллантираётганини эътироф этмоқда. Русиял Явм газетаси жорий йил 9 июнда қуйидаги хабарни тарқатди: «АҚШ Украина Ғарбидаги Львов шаҳри аэродромига тўртта самолёт юборди. Бу унинг аэродромдаги стратегик бомбардимончи самолётларини ёнилғи билан таъминлаш мақсадига қаратилган. Вашингтонга кўра, АҚШнинг бу ҳаракати НАТО билан биргаликда Шарқий Украинада хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ҳамкорлик доирасида бўлмоқда. Украина аэродромига экипаж аъзолари ва самолётларга техник хизмат кўрсатувчилар дохил 150 нафар америкалик ҳам қўнди. АҚШ Ҳаво мудофаасининг Европа ва Африка бўйича матбуот хизмати чиқарган баёнотга кўра, АҚШнинг айни қадами унинг Европа шарқида хавфсизликни таъминлаш ва НАТО билан шериклари ўртасида ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган». Рус газетасининг қўшимча қилишича, «АҚШ-Украина ўртасидаги ҳамкорлик 2014 йилдаги Украина ҳукумати инқилобидан буён изчил ривожланиб бормоқда. Украина АҚШдан зирҳли транспорт воситалари, учувчисиз бошқариладиган учоқлар, радарлар, ҳарбий ускуналар, катта калибрли снайпер милтиқлари ва танкка қарши бошқариладиган ракеталарни олган бўлиб, америкаликлар бу қуроллардан Донбассда фойдаланмасликни шарт қилган». Кўриниб турибдики, Америка Украинани қуроллантириш билан ва Россияни провокация қилишга гижгижлаш орқали вазиятни таранглаштиришга, шу орқали Россияни жавоб қайтаришга мажбур қилишга уриняпти. Вазият таранг бўлиб туриши учун АҚШга шу керак. Кейин эса, манфаатига қараб, Қрим ва Украина масаласини қўзғайди. Биз 2014 йил 22 мартда нашр қилганимиз савол-жавоб нашрасида Россиянинг Украинанинг бир қисми бўлган Қримни аннексия қилгани ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай деган эдик: «… Чунки Украина ўз вақтида портлайдиган бомба бўлиб қолаверади. У халқаро ва регионал вазифалар ўзгаришига қараб, ё Россиянинг ёки Ғарбнинг фойдасига портлайди. Ана шунда томонларнинг ҳар бири Украинага диққат қаратиб, ўша пайтдаги халқаро вазиятга мувофиқ, ҳар бир томон бу юртни эгаллашга ҳаракат қилади. Чунки Украина Россиянинг биқини ва айни пайтда Европа дарвозаси ҳамдир».

7 – Америка зимдан Украинани провокация қилишга ундаяпти. Масалан, Украинанинг Қримдаги ҳаққини қайтариб олиш ва Россия нуфузи остида қолаётган Шарқий қисмни қайта ўз назоратига олиш, Азов денгизи ва Керч бўғозидаги ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қилаётган ҳаракатлари Американинг ундовидир. Зотан, Керч бу икки юрт учун ҳам муҳим стратегик бўғоз ҳисобланади. Чунки шимолдаги Азов денгизидан Жанубдаги Қора денгизга олиб ўтувчи ягона йўлак Керчдир. Ундан бошқа йўлак йўқ. Америка Украинани қуроллантиряпти ва бу Минск шартномасига зид. У шундай йўл билан Европа-Россия келишувини бузишга ҳамда ўрталаридаги вазиятни таранглаштиришга ҳаракат қиляпти. Бир вақтнинг ўзида, Европа айни оловни ўчиришга ҳаракат қиляпти. Чунки бу олов унга қарши ёқилган. Шунинг учун ҳам биз Европанинг АҚШ ҳукмронлигидан озод бўлишга уринаётган бир пайтда, Россия билан ҳамфикр бўлиш устида иш олиб бораётганига, Россия ва АҚШдан мудофаа қилишга қодир мустақил Европа армиясини тузишга чақираётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундан Американинг дарғазаб бўлгани яққол намоён бўлди, масалан, 2018 йил 9 ноябрда Трамп билан Франция президенти Макрон ўртасидаги Париж учрашувида бўлгани каби. Американинг савдо уруши эълон қилиб, бу билан Европани нишонга олиши Европа Иттифоқини тарқатиб юборишга очиқдан-очиқ даъват қилиши, шу йил билан ўтган йили НАТО учрашувида ҳамда Еттилик саммитида америкаликлар билан европаликлар ўртасида кучли зиддиятли тортишувлар бўлиши, европаликларнинг баъзи масалаларда, жумладан, Украина масаласида Американи курашга чақириши… буларнинг барчаси Американи шундай қадам ташлашга, яъни, Европанинг Украина билан Россиядаги чегаларида вазиятни таранглаштиришга ундади.

8 – Россия Украина масаласида боши берк кўчага кириб қолган. Агар Украинани қўлдан бой берса, Ғарб олдида қип яланғоч бўлиб қолади, Москва таҳдид остида қолади. Хусусан, шу пайтгача Европа шарқини қўлдан бой берди. Чунки бу унинг ўзини мудофаа қилиши учун стратегик нуқтаси ҳисобланади. Уни Ғарб, айниқса, Америка кўп бор алдади. Масалан, Берлин деворини ағдариш ва Шарқий Германияни Ғарбий Германияга топшириш, Полшадан воз кечиб, ҳам Полшанинг, ҳам Шарқий Европа давлатлари мустақиллигини қабул қилиш… каби. Мана, Ғарб бугун Россияни Украина борасида яна алдамоқда. Яъни, 2014 йил россияпараст Януковичнинг қудратда қолиши борасида Россия билан келишиб олиб, уни ағдариш учун украиналикларни ҳаракатга келтирди. Шунингдек, уни Сурияда алдади! Ўшанда, Америка Суриядаги жангга Россияни киритиб, ўзи кирмади ва бу Россия зарарига бўлди. Чунки Россия Сурия жангига аралашсам, бунинг муқобилида Америка Қримни аннексия қилганим ва Шарқий Украинани ўз назоратим остига олганим учун сукут қилади, деб ўйлаганди. Бироқ Америка бундай қилмади! Агар Россия тентак бўлмаганида, Сурияга кирмаган ва Американинг урушга кириб, ботқоқда қолишига қўйиб берган бўларди, худди Афғонистонда бўлгани каби.

9 – Хулоса:

а)   Ушбу воқе-ҳодисалар Украина кемаларининг Россия билан келишмаган ҳолда Азов денгизига кириши ортида Америка турган бўлиши ва бу билан у ердаги вазиятни таранглаштиришни кўзлаган бўлиши мумкинлигини исботламоқда. Чунки вазиятни таранглаштириш орқали Америка биратўла уч давлат: Россия-Европа-Украина қаршисидаги ўз манфаатларини рўёбга чиқаради. Демак, у вазиятнинг таранглашишини истайди, муаммонинг ҳал бўлишини истамайди, токи, муаммо сақланиб қолсин ва таранглик давом этаверсин!

б)   Бу оламда мудом капиталистик илмоний давлатлар ҳукмрон экан, у ифлос тил бириктирувлар, йиртқич жиноятлар ва турли-туман зулмларга майдон бўлиб қолаверади. Чунки мустамлакачилик, деган тушунча бу давлатларни тарк этмайди, қаер бўлмасин уни татбиқ қилаверишади.

в)   Ёлғиз буюк Ислом мабдасигина дунёни айни давлатлар ёвузлигидан ва уларнинг инсон ўйлаб топган мабдаларидан қутқара олади. Чунки Ислом инсоннинг яратувчи Холиқи томонидан нозил бўлган. Холиқ эса, Ўзи яратган нарсаларга нима яхши бўлишини билади:

﴿أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ﴾

«(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир»   [Мулк 14]

Мана шу, адолат ўрнатиб, эзгулик улашувчи ҳақдир:

﴿فَمَاذَا بَعْدَ الْحَقِّ إِلَّا الضَّلَالُ﴾

«Бас, Ҳақдан кейин фақатгина йўлдан озиш бор, холос»  [Юнус 32]

﴿إِنَّ فِي ذَلِكَ لَذِكْرَى لِمَنْ كَانَ لَهُ قَلْبٌ أَوْ أَلْقَى السَّمْعَ وَهُوَ شَهِيدٌ﴾

«Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда(яъни сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир»  [Қоф 37]

           24 робиус-соний 1440ҳ

           14 декабр 2018м

Total Views: 352 ,

Добавить комментарий

АҚШнинг Сурия бўйича қарори “Исроил” билан ҳамкорлигига таъсир қилмайди

АҚШнинг Сурия бўйича қарори “Исроил” билан ҳамкорлигига таъсир қилмайди Дональд...

Закрыть